2020 йилги "Президент арчаси” тадбирлари COVID-2019 вируси билан боғлиқ вазиятни инобатга олган ҳолда болалар соғлигини асраш мақсадида карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолдаташкил этилади.
"Томоша” болалар театр-студияси томонидан тайёрланган "Президент арчаси” байрам дастури томошабинларсиз Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан тасвирга олинади ҳамда "Болажон”, "Ёшлар” телеканаллари томонидан ташкил этиладиган Янги йил телемарафони доирасида намойиш этилади.
Бугунги кунда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлганларнинг болалари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3-15 ёшдаги фарзандлари учун 11 000 дона "Президент совғаси” ҳозирланмоқда. Совғалар 28-30 декабрь кунлари барча ҳудудларга етказиб берилади.