Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи фуқаролар бир аёлнинг интим видеосини ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб, пул талаб қилган. Жиззах вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда товламачилар қўлга олинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ шахслар, худди шу тумандаги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада яшовчи таниш аёлдан пул ундириш мақсадида жиноий тил бириктиради.
Режага кўра гуруҳдагилардан бири ушбу аёл билан жинсий алоқада бўлаётган вақтда телефон орқали видео тасвирга олинади. Ушбу видеони ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига аёлдан 3 миллион сўм миқдорида пул талаб қилган. Аёлнинг Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлимига берган аризасига кўра, тезкор тадбир ўтказилиб, товламачилик қилган шахслар ўзаро пулни бўлишаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб қонунбузарларга нисбатан қамоққа олиш чораси кўрилди.