10 январь куни Косонсой туманида истиқомат қилган фуқаро И.Жуманов таҳминан соат 01:30ларда «Наманган суюқгаз» шохобчасига навбатда турган вақтида вафот этди. Бу ҳақда «Газета»га Бош прокуратура хабар берди.
Беш фарзанднинг отаси, 1952 йилда туғилган фуқаро «Жигули» автомашинасини суриб ҳаракатлантириб келаётганда тўсатдан асфалтга йиқилган. Натижада чап юз ҳамда бош мия соҳасидан тан жароҳати олган ва ҳодиса жойида вафот этган.
Namanganliklar Telegram канали ёзишича, нафақахўрга тегишли машина совуқда кўп қолиб кетиши натижасида музлаб қолган. Фойдаланувчилардан бири кундан-кунга навбатда туриш «4−5−6 соатгача» кўпайиб бораётганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 4 январдан бошлаб, газ қуйиш шохобчалари газ босими пастлиги туфайли чекланган режимда соат 5:00 дан 15:00 гача ишлаб келмоқда.