Яшнобод тумани ИИБга пойтахтдаги бир нечта банкоматлар ўмарилгани ҳақида тезкор хабар келиб тушган. Бу ҳақда "Замон" информацион дастурида батафсил маълумот берилди.
Хабар юзасидан олиб борилган тезкор қидирув ишларига кўра, икки нафар шахс гумонланувчи сифатида қўлга олинган. Улар тунгги соатларда давлат рақами бўлмаган "Дамас" машинасида банкоматларни ўғирлаб кетгани айрим кузатув камераларига тушиб қолган.
Маълум қилинишича, жиноятчилар 2020 йилнинг 15 декабрь санасидан 2021 йилнинг 2 январь кунига қадар жами 7 та тўлов терминалларини ўғирлаб кетишган ва бузиб, ичидаги пулларни олиб ишлатиб юборишган. Ушбу жиноятни қилган, Тошкент шаҳрида туғилган 2 йигит ҳам аввал Жиноят кодексининг турли моддалари билан жавобгарликка тортилган ва жазо муддатини ҳам ўтаб чиқишган.
"Биринчисини Сергели туманидаги "Строительный"дан кечаси соат 3-4ларда ўғирладик. Дилшодни машинасига ортиб, "Қўйлиқ"қа кетишдаги далада очиб, пулини олиб, ташлаб юбордик. Орадан 5 кунлар ўтиб, Миробод туманидаги банкоматни ўғирладик", -дея воқеа тафсилотларини айтиб берган гумонланувчилардан бири.