Кремль Украина ҳарбийлари Bayraktar TB2 турк дронларидан фойдаланаётгани учун Туркия ҳукуматига шикоят қилди. Ушбу учувчисиз учиш аппаратлари Украина мудофаа кучларига русларнинг ўнлаб техникасини йўқ қилишга ёрдам берган.
CNN’нинг хабар беришича, кеча, 8 апрель куни Туркия ҳукумати вакили Анқара Россиянинг шикоятига жавоб қайтарганини айтган.
"Анқара Москвага Туркиянинг Baykar Technologies дрон ишлаб чиқарувчиси хусусий компания эканлигини ва Украина томонидан ушбу қурилмаларни сотиб олиш урушдан олдин якунланганини айтди”, деди Туркия расмийлари.
Нашрнинг қўшимча қилишича, турк дронлари Украина Қуролли кучлари арсеналидаги энг самарали қуроллардан бирига айланган. Bayraktar Украина расмийлари ва ҳарбий экспертлар томонидан тез-тез олқишланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 апрель куни Россия Мудофаа вазирлиги "Тор” тактик зенит-ракета мажмуаси экипажи Украинанинг 7 Bayraktar дронини йўқ қилганини маълум қилганди.