Санъатимиз осмонида юлдузлар кўп, ойлар кўп,
Худо берган иқтидорлар, жонлар, хонлар, ойлар кўп,
Отасининг эркатойи, чала ҳофиз, тойлар кўп,
Лекин унинг Шамси битта, Шералиси биттадир.
Тоғдан тушган шалолани эслатади ноласи,
Боғда булбул лол қолади таралганда ялласи,
Уни севиб ардоқлайди, ҳар бир туркнинг боласи,
Ҳофизи кўп туркийларнинг, Шералиси биттадир.
Саси, сози, сўзи билан, фатҳ айлади дилларни,
Дунёдаги қондош-қардош, узоқ-яқин ерларни,
Бир-бирига дўст айлади санъат ила элларни,
Сози бутун, ўзи бутун, Шералиси биттадир.
Етмиш йиллик довон қолди, замон қолди орқада,
Яхши-ёмон даврон қолди, армон қолди орқада,
Қанча султон, қанча ҳоқон, майдон қолди орқада,
Ҳеч кимига бош эгмаган Шералиси биттадир.
Санъатимиз осмонида юлдузлар кўп, ойлар кўп,
Осмонида юлдузларга етарлича жойлар кўп,
Шералининг булоғидан жилға олган сойлар кўп,
Бағри кенги, шер юраги, Шералиси биттадир.