Тошкент вилоятида йўлларда хавфсизликни таъминлашда янги ташаббус қўлланилмоқда. Бу борада бошқарма раҳбарияти ташаббуси билан "Қизил чироқ!” тадбири ўтказилиши йўлга қўйилди.
Мақсад светофор ўрнатилган чорраҳаларда, пиёдалар ўтиш йўлларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчилар томонидан светофор, шунингдек, ЙПХ инспекторининг ишора қоидаларига риоя этилишини таъминлашдир.
"Қизил чироқ!” тадбирида ЙПХ инспекторлари томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасидаги, яъни "Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиш” маъмурий ҳуқуқбузарлигига асосан жами 152 нафар ҳайдовчи аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Шунингдек, тегишлилиги бўйича 34 нафар ҳайдовчига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва қўшни вилоятларга кўриб чиқиш учун жўнатилди.
Тошкент вилоятида рўйхатда турувчи 118 нафар ҳайдовчига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларга МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан қарорлар чиқарилиб, жами 48 миллион 452 минг 470 сўм миқдорида жарима белгиланди. Ҳозирда уларни ундириш чоралари кўрилмоқда.
ЎзА хабарига кўра, бундан ташқари, тадбир давомида шоҳбекатлар ва автотураргоҳларда ва транспорт воситалари мавжуд бўлган корхона, ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда светофор ишорасига бўйсунмаслик оқибатида содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатлари тўғрисида, шунингдек, светофор ишораларига бўйсунмаган ҳайдовчиларга қандай маъмурий чоралар кўрилиши ҳақида тарғибот суҳбатлари ташкил этилди.
Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан бу каби махсус тадбирлар давомий ўтказилмоқда.