Ўзбекистонда техник хизмат кўрсатиш маркази ходимлари томонидан 15,9 мингта харид чеки учун ҳисобланган кэшбэк суммаси бекор қилинди, деб хабар беради Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.
2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларидаги харид учун берилган онлайн назорат-касса техникаси QR-кодли чекини Солиқ мобил иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар харид суммасидан 1 фоиз кэшбэкка эга бўлмоқда.
2022 йил 1 январдан 1 февралга қадар 32 755 242 та (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 191 фоизга ошган) харид чеки онлайн назорат-касса техникалари орқали чоп этилган бўлиб, шундан 1 482 563 тасига «Солиқ» мобил иловаси орқали 19,4 миллиард сўмлик кэшбэк ҳисобланган.
Таъкидланишича, чакана савдо, маиший хизмат ва умумий овқатланиш соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кэшбэк амалиёти истеъмолчилар орасида тобора оммалашиб бормоқда.
Аммо бугунги кунга қадар кэшбэк учун рўйхатдан ўтказилган чеклар таҳлил қилинганда, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХКМ) ходимлари кэшбэкка эга бўлиш мақсадида вазифаларини суиистеъмол қилиб ўзгалар томонидан амалга оширилган харид учун шаклланган чекларни ўз номидан рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, 3 нафар ТХКМ ходими томонидан ўзлари хизмат кўрсатаётган 281 та тадбиркорлик субъектининг 11 миллиард сўмлик 15,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган.
Хусусан, ТХКМ ходимлари:
Қ.Н. томонидан 178 та тадбиркорнинг 7 524 та 5,8 миллиард сўмлик;
Қ.А. томонидан 80 та тадбиркорнинг 5 206 та 4,6 миллиард сўмлик;
Р.Ф. томонидан 23 та тадбиркорнинг 3 131 та 0,6 миллиард сўмлик чекларини «Солиқ» мобил иловасида QR-код орқали рўйхатдан ўтказган.
«Солиқ» мобил иловасида юқоридаги шахслар томонидан харидни амалга оширмасдан рўйхатга олинган чеклар учун ҳисобланган кэшбэк суммаси бекор қилинган. Таъкидланишича, Давлат солиқ қўмитаси кэшбэк амалиёти тўғри қўлланилишини доимий назорат қилиб боради.