Пятница, 09.12.2016, 18:27
Приветствую Вас Гость | RSS

SHERLARUZ.COM

SMS SHERLAR ROYHAT
SMS SHERLAR / СМС СТИХИ / СМС ШЕРЛАР
SEVGI HAQIDA SHERLAR / СМС о любви для любимого человека
SMS TABRIK SHERLARI / Смс поздравления
SMS YANGI YIL SHERLARI / SMS YANGI YIL TABRIKLARI / СМС ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИКЛАРИ
SMS XAYIT BAYRAMIGA SHERLAR / СМС хайит байрамига шерлар
SMS TUG'ILGAN KUN TABRIKLARI / СМС ТУГИЛГАН КУН ТАБРИКЛАРИ
SMS TABRIK / СМС ТАБРИК
14 Fevral sevishganlar kuni Tabrik Sherlari
1 aprel sms hazillar
SMS PRIKOL (xazil) / СМС ПРИКОЛ
SMS LATIFA / СМС ЛАТИФА
Do'st haqida sherlar / Стихи о дружбе
SMS OPERATOR / СМС ОПЕРАТОР
SMS TALABA / СМС ТАЛАБА
SMS FOTO / СМС ФОТО
SMS GRAFIKALAR / СМС ГРАФИКА
SMS IBRATLI SHERLAR / СМС ИБРАТЛИ ШЕРЛАР
SMS KINO MIX / СМС КИНО МИХ
MAKTAB SMS SHERLAR / МАКТАБ ХАКИДА ШЕРЛАР
SMS XIKMATLI / СМС ХИКМАТЛИ
SMS TOPISHMOQ / СМС ТОПИШМОК
SMS SPORT / СМС СПОРТ
SMS ANIMATSIYA / СМС АНИМАЦИЯ
SMS REKLAMA / СМС РЕКЛАМА
SMS MANTIQIY / СМС МАНТИКИЙ
SMS VATAN
СМС Поздравления с 8 Марта / 8 MART TABRIK SHERLAR
СМС валентинки СМС в день Святого Валентина, 14 февраля, СМС валентинки
Стихи о любви
Смс признания
СМС Поздравления с 8 Марта
СМС на день рождения
Смс другу
С 1 апрельские приколы
СМС доброе утро
Смс cтихи
Прикольные смс
Смс поздравления с Новым годом / Поздравления с Новым Годом
Смс реклама
СМС спокойной ночи
Студенческие смс
English SMS | Funny, inspiring and general SMS in English language
O'zbek shoirlari / Узбекские поэты
Aşk sözleri - SMS Turk sözleri
Muhammad Yusuf sherlari / Мухаммад Юсуф шерлари
Abdulla Oripov sherlari / АБДУЛЛА ОРИПОВ ШЕРЛАРИ
MARXABO KARIMOVA SHERLARI / МАРХАБО КАРИМОВА ШЕРЛАРИ
AHAD QAYUM SHERLARI / АХАД КАЮМ ШЕРЛАРИ
HAMID OLIMJON SHERLARI / ХАМИД ОЛИМЖОН ШЕРЛАРИ
ZULFIYA SHERLARI / ЗУЛФИЯ ШЕРЛАРИ
ERKIN VOHIDOV SHERLARI / ЭРКИН ВОХИДОВ ШЕРЛАРИ
ALISHER NAVOIY SHERLARI / АЛИШЕР НАВОИЙ ШЕРЛАРИ
ZAHIRRIDIN MUHAMMAD BOBUR SHERLARI / ЗАХИРИДДИН МУХАММАД БОБУР ШЕРЛАРИ
NODIRABEGIM SHERLARI / НОДИРАБЕГИМ ШЕРЛАРИ
Статистика
Рейтинг@Mail.ru


Онлайн всего: 190
Гостей: 189
Пользователей: 1
AbbasVoni

Yangiliklar Olami

Главная » 2014 » Июнь » 12 » ЖИННИ ҚИЗ
09:41
ЖИННИ ҚИЗ
— Ёзги таътилда одам юбораман дегандим, — дея зарда қилди Садир кетмонни елкасига ташлаб, дарвозахонадан чиқиб кетаркан. 
Отаси ўғлининг гапларига парво қилмагандек пиёладаги чойини бир-икки ҳўплаб, хотинига қаради. Бибигул опа эрининг гап бошлашини кутиб турарди. 
— Хотин эртага Зеби билан бирга бориб келинглар, — деди Нормат ака ҳазин оҳангда. — Майли, ўғлингни ҳам сазаси ўлмасин. 
Бибигул опа эрининг гапини бўлди:
— Ахир, отаси дўстингизга қизингни келин қиламан, деб ваъда бергансиз. Эсингиздами? У кишининг олдида субутсиз бўламиз-ку, — куйинди хотини. 
— Ўламан саттор шуни оламан деса, нимаям қилардик. Майли болам учун субутсиз бўлсам бўлибман-да. 
— Болам бечора танлаб-танлаб тозисига учрамасайди, ишқилиб. Билмадим бу шаҳарлик қизи қанақа экан.
Орага жимлик чўкди. Эр-хотин ўз ўйларига берилиб кетди. Бироздан кейин Нормат ака қаергадир отланаётиб аёлига яна бир марта тайинлади: 
— Эсингдан чиқмасин онаси, эртадан қолдирмай бориб кел. 
Отаси чиққанда, Садир эшик олдидаги ясама стулда ўтирарди. У отасини кўриши ҳамоно ўрнидан ирғиб турди. Нормат ака чамаси бир неча сония унга қовоғини солиб қараб турди-ю барибир оталик меҳри жўш уриб деди: 
— Онанг эртага амманг билан бориб, қизни кўриб келади. Ўзинг олиб борасан. 
Бу гапни эшитиб Садирнинг оғзи қулоғига етди. Отаси эса ўғлининг хурсандлигини кўриб: 
— Ҳадеб тиржаяверма. Бу ҳали розиман дегани эмас, — деди юзида жиддийлик уйғотишга уриниб. — Боради, кўради. Маъқул тушса кейин ўйлашиб кўрамиз. Куйдирган калладек илжайгандан кўра даладан хабар ол. 
Итоаткор ўғил хушхабарни эшитиб ғайрати жўшиб кетди. Жисмида ўнта от кучини ҳис этиб, кетмонни шарт елкага ташлади-ю ҳайё-ҳайт деб далага йўл олди. 
Шу куни кунлик бажариладиган юмушдан уч баробар кўпроқ ишни уддалаган йигит, қош қорайганда уйга келди. Кечки овқат пайтида онаси ҳаммага бир қур назар ташлаб гап бошлади: 
— Садиржон, болам, яхшилаб ўйлаб кўрдингми? Қиз шаҳарлик бўлса, биз қишлоқда турсак. Эртага ота-онаси қишлоққа берадиган қизимиз йўқ деса, нима деган одам бўламиз, — деди Бибигул опа куюниб. — Бизниям қишлоқда ўзимизга яраша ҳурматимиз бор. Қуруқ қайтсак, қишлоқдагилар: "Ўзимиздаям қиз зотига қирон келгани йўқ эди. Шаҳарликка осилиб бели синибди” дейишмасин дейман-да. 
Нормат ака хотинининг гапини бўлиб орага қўшилди: 
— Ўғлинг қизни рози қилган бўлса керакки, бизга боринглар деяпти. А, куёв бола? 
Садир отасининг гапини тасдиқлагандай бош ирғади. Онаси уларга парво қилмай гапида давом этди: 
— Қани бир бошидан гапирчи. Қиз билан қаерда, қандай танишдинг. Эртага борганда ҳаммасини бафуржа айтишга тўғри келади. 
— Шундай, бизам одамлар танишадигандек танишдик. Бир-биримизни исмимизни сўрадик, — жавоб қилди Садир уялганнамо. 
— Майнавозчилик қилма, — деди онаси. 
— Хўп, кейинчи, қаерда танишдиларинг? — отаси ўғлини мазах қилгандек тиржайди. 
— Шаҳарда. Ўқишга ҳужжат топшираётиб танишиб қолдик. Кейин уям ўқишга кирибди. Яна учрашиб қолдик. Кейин ҳалиги... 
Ўғилнинг гапини яна отаси илиб кетди: 
— Учрашадиган бўлдиларинг. Паркка бордиларинг, марожни едиларинг. Уни уйигача кузатиб қўйдинг... 
Нормат ака шундай деди-ю овозининг борича хо-холаб кулди. Эрининг гапларини эшитиб хотинининг жиғибийрони чиқди. Эрига худди бас қилинг дегандек ола қаради. 
— Ишонинглар, — деди ўғил ялинганнамо: — биз бир-биримизни яхши кўрамиз. У яхши қиз. Жудаям яхши. 
Нормат ака бирдан жиддийлашиб, хотинига бир қараб олди. Сўнгра Садирдан сўради: 
Онангданам яхшими? 
Бибигул опа ялт этиб эрига қаради, кейин ўғлининг оғзини пойлади. Садир аллақачондан бери ерга эгиб ўтирган бошини кўтариб аввал отасига, кейин онасига назар ташлади ва шошилмасдан жавоб берди: 
— Йўқ. Ҳали онамдан яхши қизни кўрмадим. Ишонинглар мен уни яхши кўраман. Лекин сизлар рози бўлмасаларинг, тилладан бўлсаям унга уйланмайман, — деди ва ўрнидан тураркан гапига қўшимча қилди. — Айтиб қўяй, мабодо у сизларга ёқмаса, майли, тўй бўлмайди. Бироқ бошқа бировга ҳам уйланмайман. 
Садир охирги гапларини ҳангомага нуқта қўйиш учун гапирганди. Ўғил остонадан чиқиб кетаркан эр-хотин бир-бирига тикилганча дастурхон бошида қолаверди. 
Йигит бемаҳалда хонасига келиб, ўрнига чўзилди. Аллақачонгача шифтга тикилиб севгилисини ўйлаб ётди. Ўзиям тонготарда кўзи илинибди, шекилли, онасининг овозидан уйғониб кетди. Уйқуга тўймаган кўзларини ишқалаб бўсағада бироз ўтирди. Кейин юз-қўлини ювиб, дастурхон бошига келиб қўшилди. Эринибгина нонушта қилди. Сўнг худди муҳим иш қилаётган одамдай ҳовлининг у бошидан бу бошида ивирсиди. Кун чошгоҳга борганда Зеби аммаси қўлида кичиккина тугунни кўтариб ҳовлида пайдо бўлди. Онаси бўсағадан туриб ўғлига деди: 
— Ҳой куёвбола, уст-бошингни алмаштириб, мошинангни юргазмайсанми? Туш бўп қолди-ку. 
Йигит бир зумда шаҳзодалардек кийинди. Машина юришга ҳозирланаркан Бибигул опа эрига: 
Отаси дуо қилинг, ишимиз ўнгидан келсин, — деди қўлларини дуога очиб. 
Нормат ака очиқ чеҳра билан узоқ дуо қилди. Кейин машина қишлоқнинг чанг кўчаларидан ғизиллаб юриб кетди. 
2
Садир унчалик сездирмаса-да ич-ичидан қувончи танасига сиғмаётганини онаси ҳам, аммаси ҳам билиб турарди. Йигит ҳар замон машинанинг ички ойнасидан орқа ўриндиқда гурунглашиб кетаётган жигарларига қараб қўярди. 
— Ҳой, сал секинлат-чи, анави Мамарайимми? — сўради аммаси Садирдан. 
Жездамни укасими? — саволга савол билан жавоб берди жияни. 
Машина йўлида зўрға кетаётган одамнинг ёнидан секингина ўтди. Маст киши эса уларнинг орқасидан алланималар дея бақириб қолди. 
Қишлоқнинг бу жин кўчаси орқали шаҳарга элтувчи катта трассага чиқиларди. Шундоққина трассага етаверишда Жинниқиз деган мозор бор эди. Жин кўча худди шу мозорнинг қоқ ўртасидан ўтганди. Ҳамма бу ердан ўтишда дуо қилиб ўтарди. Айтишларига қараганда мабодо бирор кимса дуо қилишни унутиб қўйса, мозордан жин-ажиналар илашармиш. Мозор ҳам унча-мунча кичик қўйиндилардан эмасди. Машинада икки-уч дақиқа юриб ўрта кўчадан ўтиларди. Аёв юрсангиз қабристондан чиқиш учун беш-олди дақиқа кифоя эди. 
— Жинниқизни тарихини биласанми жиян? — сўради аммаси жиянини гапиртириш учун. 
— Эшитганман, — қисқагина жавоб қилди у. 
Аммаси ҳикоя айтаётгандек гап бошлади. Йигитнинг қўли рулда эди-ю кўзлари ойнадан аммасининг оғзига тикилганди. 
— Бундан анча йиллар олдин бир қиз яшаган экан. У қиз... 
Шу пайт Бибигул опа бехосдан чинқириб юборди: 
Тўхта-а-ат! 
Садир йўлга қаради. Йўлнинг ўртасида катта қора мушук ётарди. Йигит жон-жахди билан машинанинг тормозига ёпишди. Мушук эса жойидан қилт этмасди. Улов жониворга бир қадам қолганда зўрға тўхтади. Ҳаммалари тушиб унга яқинлашишди. 
Ўликка ўхшайди, — деди Зеби аммаси оёғи билан турткилаб кўриб. 
Бибигул опа машина ёнидан жилмай нималардир дея минғирларди. Унинг ранги докадек оқарган, лаблари бутун вужудига қўшилиб титрарди. Садир дарҳол кабинадан сув олиб онасига тутди. Сўнг мушукни кўтариб, четга қўяётиб: 
— Ростданам ўлган экан, — деди аммасига қараб. — Ўлик, — таъкидлади у. 
Шу маҳал жонивор бирдан ўзига келди-ю йигитнинг қўлини тишлаб олди. Садир оғриқдан инграб, қўлини сиқди, мушукка қараб сўкинди. Мушук эса қабристон томонга чамаси ўн қадамча югириб бориб тўхтади, ортига ўгирилиб, Садирга пича термилиб турди. Йигит билан мушукнинг кўзлари тўқнашди. Садир яхшилаб разм солди, унинг қорачиқлари оловдек ловиллаб турибди. Тикилган сари йигитнинг бошига оғриқ кирди, худди ихтиёрини ана шу митти жониворга топшириб қўяётгандек ҳолсизланди. Хаёлида чор атрофдан мушуклар чиқиб келаверди. Қоп-қора, кўзлари чўғдек қизил мушуклар... Садир танасида кучли иссиқликни ҳис этди. Унинг жониворга термилиб, қоққан қозиқдек бир жойда туриб қолганини кўрган аммасининг хуноби ошди. 
— Ҳой, ҳайда мошинни, кетдик, — деди товушини баландлатиб. Кейин худди шу гапини яна икки-уч марта такрорлади. Жияни келавермагач, машинадан тушиб, Садирни қаттиқ турткилади. 
— Ҳа, амма? — сўради йигит турткининг оғриғидан билагини ишқалаб. 
— Сендан сўраш керак. Ўн марта чақирдим. Одамни менсимайсан. Кетдик кеч қоламиз, — дея Садирни жеркиб берди аммаси. — Ўзи пешингача бориш керак эди. 
Йигит индамай уловни ўт олдирди. 
Машина шаҳарнинг равон, кенг кўчаларидан бирига қайрилганда кун пешиндан ўтганди. Улар икки қават қилиб қурилган, ташқари деворларига ниҳоятда оро берилган улкан уй олдида тўхташди. Аёллар машинадан тушиб, ҳангу-манг бўлиб қолди. Онаси ўғлининг ёнига келиб сўради: 
Болам қиз ростданам шу ерда турадими, адашмадингми? 
Йўқ, шу уй, — деди йигит беҳаловат бўлиб. 
Бибигул опа чинаккамига лол эди. Ҳали қизни кўрмасдан туриб, ўғлининг диди чакки эмаслиги бир зум хаёлидан ўтди. Лекин данғиллама уйнинг ўзиёқ унинг юрагига ғул-ғула сола бошлади. Вужудидаги ваҳимани йўқотиш учун ўғлига яна бир карра ялинганнамо гап бошлади: 
— Кўрпангга қараб оёқ узат, деган гап бор. Уйини қара, ҳашаматли. Бойвачча оилага ўхшайди. Тағин беиззат қилишмасидан олдин кирмай қўяқолайлик а? 
Йигит аввал икки қўлини рулга, сўнг бошини қўллари устига қўйди-ю чуқур уҳ тортди. Аммаси илкис жиянига қаради. 
— Уфлама, — деди кескинлик билан. — Тенг-тенги билан, тезак қопи билан дейишган. Чечам шундан қўрқаяпти. Очиғини айтганда менам сал хавфсираб турибман. 
Аёллар бир Садирга, бир қаршиларида савлат тўкиб турган иморатга қарай-қарай уйнинг эшигини қоқишди. Ичкаридан чамаси ўттиз ёшлардаги жувон чиқиб, меҳмонларни ичкарига таклиф қилди. Орадан бироз вақт ўтгач, ҳалиги эшикдан бир болакай чиқди, тўғри Садирнинг олдига келди: 
— Кўчанинг бошига бориб тураркансиз, опачам айтди, — деди у омонат гапни эгасига етказганидан қувониб. 
Йигит боланинг айтганини қилди. Кўчанинг бошига бориб, кўзини ўша уйнинг эшигидан бир зумга бўлсин узмади. Ниҳоят анчадан кейин эшикдан икки қиз чиқди ва у томонга кела бошлади. Садирнинг кайфияти кўтарилди. Дарров ойнага қараб сочларини тузатди. Ўтган-кетган йўловчиларга сездирмай уст-бошини ҳам тўғрилади. Кейин яна қизларга тикилиб, сесканиб кетди. Бошида мозор олдида бўлгандек оғриқ турди. Назарида кўзларининг томирлари торайиб, қон тошаётгандек ўзини ғалати ҳис қилди. Қиёфаси жиддийлашиб, ҳушини бир жойга жамлашга тиришди. Уддасидан чиқолмади. Кўзларини юмиб, ҳозиргина кўрганлари хаёлида рўй бераётганига ўзини ишонтиришга уринди. Кўзларини очди. Бироқ бояги ҳолат намоён бўлди: қизлар у томонга келишяпти. Лекин Дилдорага учинчи ҳамроҳ қўшилганди. Бу ҳамроҳ Жинниқизда кўргани — қора мушук эди. Жониворнинг кўзлари қондек қип-қизил. Ранги тундек қоп-қора. Ҳар қандай кишини қўрқувга солади... 
Салдан кейин йигит жарангдор овоздан ўзига келиб қаради. Ёнида бир қиз Дилдоранинг қўлларидан ушлаб турарди. 
Сизга нима бўлди? — сўради ҳалиги қиз чеҳрасидаги ҳадикни яширолмай. 
— Ҳеч нарса, ўзим, — жавоб қилди Садир кўзларини катта-катта очиб, атрофига аланглаб. У мушукни қидираётганди. Мушук эса қаергадир ғойиб бўлганди. 
Йигит севгилисининг ёнидаги қизни танимади. Дилдора у билан саломлашиб, дугонасини таништираркан, тим қора кўзларида қувонч порлади. У дугонасининг ёрдамида оҳиста пайпаслаб машинанинг орқа ўриндиғига жойлашди. Дугонаси уни йигитга омонат топшириб, ўзи сал нарироқдаги дўкон олдида гурунглашиб турган қизлар давраси томон одимлади. Садир олд ўриндиқдан орқага — қизнинг ёнига ўтиб ўтирди. 
— Барибир айтганингизни қилибсиз-да, — деди қиз паст овозда. 
Ҳа! 
Нимагадир кўнглим ғаш. 
Садир қизнинг қўлларидан маҳкам сиқди. Шу билан у севгилисига таскин бермоқчи бўлди. У совчилар келишини эшитган кундан бери ич-этини еяётганди. Садирни севиб, унга умид бериб, худди боши берк кўчага кириб қолгандек ҳис қилаётганди ўзини. Дилдора учун муҳаббати охиратдек туюларди. Кириш бор-у, чиқиш йўқ эди гўё. 
— Хотиржам бўл, — деди йигит унинг юзларини силаб. — Ҳаммаси яхши бўлади. 
Қиз-да нозиккина кафти билан йигитнинг чеҳрасини пайпаслади: 
— Эҳтимол яхши бўлар. Лекин менга негадир тамомила акси бўладигандек туюляпти. 
Менга ишон, Дилдор. Сени яхши кўраман. 
Дилдора кўрсатгич бармоғи билан Садирнинг лабларини тўсди. Орага бир неч дақиқалик сукут чўкди. Бу сукут шунчалик оғир эдики, лаҳзалар ичида ҳар икки кўнгилни ҳам беҳузур қилиб, портлатиб юборишига бир баҳя қолди. Жимликка чидолмай қизнинг ўзиёқ биринчи бўлиб гап бошлади: 
— Кўзи ожиз қизни келин қилиш осонмас, — деди у тез-тез киприк қоқаркан. Агар ота-онангиз рози бўлишмаса, — деди у ва жимиб қолди. — Ҳаммасини тушунаман. Уларда ҳам орзу-ҳавас бор. Яна одамларам, — дея илова қилди айтганларига. 
— Сен буларни ўйлама. Ожиз сен эмас, сендек гўзал қизни кўролмайдиганлар бўлади. 
Кўзларим ҳақида айтганмисиз? 
Қизнинг қўққисдан берган бу саволи Садирни довдиратиб қўйди. У нима дейишни билмай гарангсиб қолди. Чунки ҳали ота-онасига бўлажак келинларининг кўзи ожиз эканлигини айтиб улгурмаганди. 
— Улар учун бунинг аҳамияти йўқ, — деди йигит овозига қатъий тус беришга уриниб. — Муҳими қиз жуда яхши. 
— Айтмай бекор қилибсиз, — оғир хўрсинди қиз. Бу сафар унинг овози титраб чиқди. 
Сўнг қўнғироқдек овоздан уларнинг хаёли бўлинди. 
— Кетамизми Дилдора? — сўради дугонаси жилмайиб қиздан. 
Дилдора йигит билан хайрлашиб, машинадан тушди. 
— Ана меҳмонлар чиқишяпти, — деди бояги қиз уйлари томонга қараб. 
— Мен бора қолай, — деди-ю уловни ўт олдирди Садир. 
Энди газни босгандики, қулоқлари остида аллақандай шивирни эшитди. Аввалига яхши англаёлмади. Машинанинг маторини ўчириб, диққат билан қулоқ солди. Назарида қанақадир шарпали овозлар нуқул "меники, меники” дея пичирларди. Туйқус бошини кўтариб ўзидан чамаси ўн қадамлар нарида кетаётган Дилдорага қаради. Кўнглида ижирғаниш пайдо бўлди. Юрагини ваҳима босди. Миясига боз бояги оғриқ кириб, кўзлари қонталаш тус олди. Бу пайтда қизларнинг учинчи ҳамроҳиям пайдо бўлганди. У олдинга қараб қадам ташларди-ю бироқ боши билан Садир томонга тикилиб борарди. 
Йигит машинадан ирғиб тушди ва қизлар томонга югирди. Ҳаллослаб келди-ю улардан сўради: 
— Нега манави ярамас мушукни еталаб юрибсизлар? 
Қайси мушукни? — сўради Дилдоранинг дугонаси ажабланиб. 
Вой, бу ерда мушук борми? — деди Дилдора ширин жилмайиб. 
— Йўқ, — кескин оҳангда деди дугонаси. Сўнг Садирга қараб: — Соғлигингиз жойидами, — дея сўради. 
Шу орада аста-секин қадам ташлаб келаётган Бибигул опа билан Зеби аммаси Садирга кўзлари тушиши ҳамоно нимагадир ишора қилди. У ҳамон ҳушини йиғолмаган, нуқул қизларнинг атрофига тикилиб қора мушукни қидирарди. 
— Мошинага ўтир, — деди Бибигул опа. Унинг овозидан авзойи бузуқ эканлигини пайқаш қийин эмасди. 
Йигит сал ўзига келиб, уловни юргизди. 
Улар бутун йўл бўйи бир-бирларига лом-мим демай жим келишди. Бироқ машинадан тушишлари билан Бибигул опа гулхандек аланга олиб, минадай портлади. Бир томонда ота-она, бошқа томонда Дилдора. Садир ҳеч нарса демасдан катталарнинг гапларини охиригача эшитди. Илло нимагадир Зеби аммаси гапирмасдан, жанжалга томошабин бўлиб турарди. Унинг тоқати тоқ бўлди. Аммасининг сукут сақлашини кўриб, лоақал у киши мен томон бўлар деган ўйда аммасига қаради. 
Жиян, яхшилаб ўйлаб кўрдингми? — сўради аммаси вазминлик билан. 
Бу гапни эшитиб Бибигул опанинг кўзлари олайиб, шанғиллай бошлади: 
— Нимасини ўйлайди буни? Ўйлайдиган жойи бормикан? Мен ногирон қизни келин қилмайман. Ана ўзиям айтган агар сизлар хоҳламасаларинг уйланмайман деб. 
— Мен Дилдорага уйланмасам бошқа бировга ҳам уйланмайман деганман, — таҳдидона деди Садир аввалги айтганларини онасининг ёдига солиб қўймоқчи бўлиб. 
— Ҳали қаёқдаги битта кўр қизни деб гапимни икки қиласанми? — чинаккамига дағдаға қила бошлади онаси. 
— Мен, — деди Садир ўрнидан туриб: — Сизларниям, униям яхши кўраман. 
— Ўшани ўқишда кўрган бўлсанг билиб қўй. Ўқиш-пўқишингни йиғиштирасан. Бу менинг охирги гапим. Агар шуни дейдиган бўлсанг, уйдан йўқол. 
Онасининг бу гапига ҳеч ким эътироз билдирмади. Лекин Садирнинг ҳайдалиши ҳақида ҳавога сочилиб кетган бир оғиз сўз отасини ҳам, аммаси-ю Садирнинг ўзини ҳам бир сапчитиб туширди. 
Йигит гапини давом эттирмоқчи бўлди-ю, сўзини йўқотган одамдай ҳовли томонга қаради. Бирдан олма дарахтининг остида юрган қора мушукни кўрди. Унга тикилиб, ёнаётган кўзларидаги тушунарсиз ҳолатдан қўрқуви ошди. Бошидаги оғриқ лаҳзалар ичида бутун танаси бўйлаб ёйилди. Аммо ҳарчанд уринмасин нигоҳини мушукнинг нигоҳларидан ололмасди. Ҳатто киприклари ҳам ўзига бўйсунмас, оёғи эса жонивор томонга судрарди. Қулоқлари остида элас-элас ота-онаси, аммаси ўзининг исмини тутиб чақиргани эшитиларди. Сўри устида қадам ташлаб пастга юра бошлади. Бир маҳал бутун азои баданида гурсиллаб нимагадир урилганининг азобини туйди. Айниқса бошининг қаттиқ тушиши хаёлини ўзига келтирди. Алҳол бу узоққа чўзилмай яна ҳушидан кетиб йиқилди. 
3
Садир кўзини очиб, ётган жойини кўздан кечирди. Касалхонанинг тезёрдам хонасига ўхшайди. Турли асбоб-ускуналар ва алламбало жиҳозлар... Хуллас тиббиётга доир анча-мунча нарсаси бор. 
У ўрнидан турмоқчи бўлиб, илкис гавдасини кўтарди. Билагида қаттиқ оғриқ сезди. Бу оғриқ худди баданга нина санчилишини эслатарди. Йигит мажбур гавдасини оҳиста ташлаб чўзилди. Секингина билакларига қаради. Билагига укол қўйишибди. Бироз вақт шифтга термилиб ётди. Нималар бўлганини эслашга уринди. Уйларидаги сўрини кўз олдига келтирди. Онасининг куйиб-пишиб гапираётганини ҳам. Кейин олма дарахти, кейин ўзини таъқиб этаётган анави ярамас қора мушук жонланди хаёлида. Узоқ ўйлади. Ўйларига берилиб кўзи илинибди. Қанча ухлади билмайди. Ҳар тугул майин овоздан уйғониб кетди. Тепасида ҳамшира шприцни кўтариб жилмайиб турарди. Деразадан ташқарига қаради. Атрофга қоронғи тушган. 
— Қани яхши йигит ўгирилинг-чи? — деди ҳамшира бир қўлиди шприц, яна бирида спиртга ботирилган пахтани кўз-кўз қилиб. 
Анчадан бери ётибманми? — сўради Садир ёнбошлаб ётаркан. 
Ҳм-м, — жавоб қилди ҳамшира қисқагина қилиб. 
Бу ер... 
Садирнинг гапи бўғзида қолди. Ҳамшира унинг гапини давом эттириб: 
— Шошилинч тиббий ёрдам бўлими, — деди. — Камроқ гапирсангиз ўзингизга яхши бўлади. Бўмаса толиқиб қоласиз.
— Реанимация денг, — ҳазин таъкидлади йигит. Сўнг чиқиб кетаётган ҳамширадан сўради: — Уйимдагилар шу ердами? 
Ташқарида. 
Айтиворинг, илтимос, — ялинганнамо гапирди йигит. 
— Бу ерга мумкинмас. Ҳозир врач келади. Палатага ўтказинглар деса, уларни кейин киргизамиз. Палатага... 
Ҳамширанинг гаплари йигитга тасалли бўлди. У осмонга термилиб ётиб дўхтирни кута бошлади. Хайриятки, орадан кўп ўтмай врачнинг қораси кўринди. Йигитга бир-икки савол берди, асбоблари билан текшириб кўрди. Сўнг ҳамшираларга Садирни палата ўтказиш ҳақида буйруқ берди, нималарнидир тайинлади. 
Палата шинамгина эди. Икки кишилик хона. Кроват ҳам, табуретка ҳам икки донадан. 
Садир ўзини палатага жойлаштирган ҳамширадан ота-онасини киргизишларини илтимос қилди. Бироз ўтиб хонага ота-онаси кирди. Бибигул опа ўғилини қучоқлаб роса йиғлади. Нормат аканинг-да ўғлининг соғайганидан кўзлари намланди. Улар узоқ гаплашишди. 
— Сени бизга Худойимнинг ўзи қайтариб берди, — дейди онаси икки гапнинг бирида. 
Садир кўнглидан ўтаётган саволларни қандай сўрашни билмай пича ўйланди. Ниҳоят юрак ютиб: 
Анчадан бери ётибманми? — сўради онасидан. 
Хотинидан олдин Нормат ака олғирлик қилиб гапни илиб кетди: 
Ҳаммаси ўтиб кетди. Буларни ўйлама. 
Билишим керак! Ахир...
Ўғлининг қайсарлигини билиб, Бибигул опа: 
— Анчадан бери, — деди ғамгин оҳангда. — Бошинг билан ёмон йиқилибсан. Мия суягинг лат еб ичкарига йиринглаб кетди. 
Бибигул опанинг чеҳраси мунгли тус олди. 
— Дилдора, — деди Садир беихтиёр. Сўнг ўзи ҳам ҳозир у ҳақда сўрашнинг мавриди эмаслигини пайқаб тилини тишлади. Бироқ онаси ялт этиб Нормат акага қаради, эри бошини маъноли қимирлатди. Бибигул опа мийиғида илжайди. 
— Уям шу ердайди. Боя кетди. Эрталаб келади, — деди. 
Бояқиш қиз роса йиғлади-да, — деди отаси ўғлини оҳиста туртиб. 
Улар гангир-гунгирни авжига чиқаришаётганди шошиб-ҳовлиқиб Зеби аммаси кириб келди. Аммаси озроқ шартаки, қандай гап бўлишининг фарқи йўқ. Шарт қўшилиб олади-ю ҳеч кимга навбат бермай вайсайверади. Мана ҳозир ҳам Дилдора ҳақидаги суҳбатга қўшилиб, биринчиликни ўз қўлига олди. Гап-гап билан соат ўнга яқинлашиб қолганда, ҳамширалардан бири эшикни очиб, ухлаш вақти бўлганлигини, беморни кўп уринтирмаслик зарурлигини эслатди. Ота-онасига қўшилиб аммаси-да ўрнидан қўзғалди. 
— Келинни жигаридан урибдида жияним қурмағар, — деди у бўсағада туриб. — Майли қизнинг кўзи ожизлиги ўпса нетар, ювса кетар бўмасаям бахтли бўлишса бўлди. 
Унинг гапи ҳамманинг юрагига наштардек санчилди. Бирдан хомуш тортишди. Айниқса Садир. Эски гап қайтадан қўзғолаётганлигидан ҳафсаласи пир бўлди. Бибигул опанинг бояги хушчақчақлиги шамолда учган чангдай бир зумда йўқолди. Ноўрин гапи ҳамманинг кайфиятини бузганлигини кўриб, Зебининг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушди. Мунғайибгина жияни билан хайрлашди. 
Йигит эса ўй-хаёллари билан ёлғиз қолди. 

4
Оқшом яримлаганда эшитилган чинқириқдан касалхона ларзага келди. Ходимлар шошиб қолишган бўлса, уйқудаги беморлар ваҳимага тушишди. Ҳамширалар оёқларини қўлига олиб чопишди. У палата кирганларида Садир хонанинг бурчагида ўтирарди, у тинмай бошини деворга урар, нуқул "кет-кетлаб” нимадир қувиб соларди. Кўзлари косасидан чиққудек бўлиб, "қора мушук-қора мушук” дея бақирарди. Илгари ҳечам бундай ҳолни кўрмаган ёшгина ҳамшира қизлар қўрқиб кетганларидан бири врачга югирса, бошқаси табуреткада турган чойнакдаги чойни йигитнинг юзига сепа бошлади. Чамаси ярим соатлар давом этган маш-машадан сўнг йигитни яхшилаб кроватига боғлаб қўйишди. 
Эртасига тушликда касалхонага келган Нормат ака билан Бибигул опа тунда рўй берган воқеани эшитиб қаттиқ ранжишди. Ота-она шифокорнинг кўрсатмасига кўра эҳтиёткорлик билан Садир ётган палата киришди. Йигит ҳамон "қора мушук-қора мушук” дея ғалати инграрди. Бибигул опа ўзини ўғлининг бағрига отмоқчи эди, дўхтир тўхтатиб: 
— Бемор кечаси қаттиқ жазавага тушди. Эҳтимол ҳалиям шунинг таъсири бўлиши мумкин, — дея қайта огоҳлантирди. 
Садир инграш баробарида кўзларини рўпарасида турган "меҳмон”ларга қадади. Балки таниди, балки йўқ. Илло у ўрнидан қўзғала бошлади. Кўзлари жиққа ёшга тўлиб, жисмини чирмаб турган ипларни зўр бериш узишга тиришди. Ғамгин ва сўлиқ нигоҳларини Бибигул опага тикди. 
— У бизни таниди дўхтир, — йиғлади шўрлик онаизор. 
— Хафа бўлманглар-у, — деди дўхтир чайналиб, кўнглидагини айтишга тортинаётгандек, — ўғлингизни руҳшуносга кўрсатсаларингиз яхши бўлади. Хўп десаларинг мен йўлланма ёзиб бераман. 
— Ўғлим жинни эмас, у эсдан оғмаган, — қичқириб юборди Бибигул опа. 
Шифокор уларга руҳшунос ҳақида анча маълумот берди. "Руҳшуносга жиннилар эмас, руҳий изтиробга тушиб қолган одамлар боради”, деди у. Аммо Нормат аканинг илтимосига кўра Садирни яна бир неча кун шу касалхонада олиб қолишга рози бўлди. 
— Шу кунлар ичида беморда ўзгариш бўлмаса, кейин руҳий касалликлар шифохонасига юборишга мажбурмиз, — деди врач мижозларини кузатаркан. 
Ота-она дўхтирнинг олдидан хафақон бўлиб чиқди. 
Бир неча кундан кейин дўхтирлар Садирни қайта текширувдан ўтказди. "Ўзимни яхши ҳис қиляпман” дерди йигит. Бироқ ўзини ҳар қанча яхши сезмасин, кунда бўлмаса-да кун ора унинг касали хуруж қиларди. Касалхона унинг жонига тегиб кетди. Шу боис сўнгги кунларда ўзининг аҳволини билса ҳам "яхшиман” деб туриб олди йигит. Ўзининг ташхиси бўйича Садир: соппа-соғман. Шифокорларнинг ташхисига биноан у: руҳий касал яъни салкам жинни эди. 
Йигит ҳуши жойида кезлари ота-онасига Жинниқиз мозорида дуч келган қора мушук ҳақида айтиб берди. Нормат ака амаллаб шифокордан жавоб олиб ўғлини уйига олиб кетди. Бир қарашда ҳаммаси яхшидек туюларди кишига. Фақат икки куннинг бирида Садирнинг касали хуруж қилаверди. 
Кунларнинг бирида жазавага тушган ўғлини тинчлантириб жойига ётқизган Бибигул опа эрига ёрилди: 
— Эртага Зеби аммаси билан фолга бормоқчиман, — деди кўзларида йилтиллаган ёшни эридан яширишга уриниб. 
— Калланг борми ўзи, дўхтирлар тузатолмаганини фолбин нима қилади. Худомидики даволаб қўйса, — хотинининг гапидан астойидил аччиқланди Нормат ака. 
Бибигул опа ўпкаси тўлиб тургани боис эрининг гапидан кейин изиллаб йиғлаб юборди: 
— Ахир, эскичадан бўлиши мумкин-ку. Фолга ишонма, фолсиз юрма деган гапам бор. 
Нормат ака "билганингни қил” дея хотинига қўл силтаб, ҳовлига чиқди. Пиллапояга оғир чўкди. Лаблари орасига сигарет қистириб осмоннинг олис нуқталарига тикилганча ўйга толди. Атроф қоп-қоронғи, ёз фасли ҳали тугамаганлиги учун аҳён-аҳёнда ҳашаротларнинг товуши эшитиларди. 
Бибигул опа каллаи саҳарлаб Зебининг уйига борди. Улар ўзларидан унчалик узоқ бўлмаган фолбинни топишди. Бор гапни эшитиб, ромчи қандайдир дуолар ўқиди. Ғалати қилиқлар қилди, ошқозони касал одамдай тинмай кекирди. Сўнг Бибигул опадан сўради: 
Атроф-четларингизда мозор бор экан а!? 
— Ҳа, ҳа, Жинниқиз бор, — шоша-пиша фолбиннинг гапини маъқуллади аёл. 
— Ўғлингиз шу ердан ўтаётганда ажиналар илакишган. Ё жонингни оламан, ё молингни деяпти. Ўша ерга, — деди фолбин ва бир муддат жим бўлиб қолди. Унинг сукут сақлаши Бибигул опани хавотирга солиб қўйди. Шу боис "кейинчи” деб юборди. Фолбин аёллар ҳали бир нимани тушунар-тушунмас яна бидирлаб гапида давом этди: 
— Мозорнинг қайеридадир ўша мушукми, эҳтимол арвоҳдир нотинч ётибди. Ўғлингизни кўзига шу кўринган. Ўша қабрни топиб, бир боғимлик жон аташларингиз керак. Ундан олдин ўғлингизни меникига олиб келасизлар, даволайман. Охирида боя айтганимдай сариқ эчки олиб сўйиб, кафанлаб қабристонга кўмасизлар. Иннакейин қичқирган қизил хўроз билан қонлаймиз. 
Бибигул опанинг ранги-қути ўчиб, бўздек оқарди. Зеби бўлса "шуям гап бўлди-ю” қабилида лабларини бурди. Бибигул опа ҳаммасини тушуниб олиб кетишга чоғланди. Бироқ бўсағага борганда фолбиннинг овозини эшитиб тўхтади: 
— Боғимларни ҳамма бахши қилсаям бўлади. Лекин олдин мен дардини олишим керак. Эсдан чиқарманглар. Вақт жуда кам. Уч кун ичида олиб келинглар. Уни ўттиз уч кун даволайман. Бибигул опа то уйига келгунча ўзига келолмади. Қайнсинглиси жон-жаҳди билан қайнопасини фолбиннинг гаплари ёлғонлигига ишонтиришга уринарди. 
Бибигул опа уйга келиши билан ҳаммасини Нормат акага айтиб берди. Эрининг кечагидан ҳам баттар авзойи бузилиб, жаҳли чиқди: 
— Сенга дўхтирга оборамиз дедим-ку, — деди у хотини гапини тугатар-тугатмас бақириб. — Фолбиннинг сафсаталарига лаққа тушиб, кўзингни ёшини шўрғиратиб келдингми? 
— Отаси ахир у... 
Бибигул опанинг оғзидагини оғзида, бўғзидагини бўғзида қилиб қайнсинглиси гапга аралашди: 
— Чеча, Садирни аллақандай ромчига эмас, дўхтирга кўрсатиш керак. Анави врач руҳшуносга оборинглар демабмиди. 
Бибигул опанинг бу гаплардан фиғони фалакка чиқиб кетди: 
— Садир жинниямас, — овозини баландлатиб юборганини билмай қолди Бибигул опа. 
Нормат ака ўтирган жойидан ирғиб тураркан, олдидаги хонтахтани жонининг борича бир муштлаб, хотинига ўшқирди:
— Пишган ошга сув аралаштирма, тушундингми, — деди у хотини томонга хиёл эгилиб. — Эртагаёқ Садирни руҳий касалликлар шифохонасига оборамиз. Гап тамом. 
5
Эрининг гапларидан Бибигул опанинг таъби тирриқлашди. У ўзича қарор қилиб, ўғлини фолбиннинг қўлига топширмоқчи эди. Хаёлида худди фолбиннинг айтганлари ҳақиқатдек кўринганди. Афсуски Нормат ака бу гапларга ишониш тугул охиригача эшитишни ҳам истамади. У айтганини қиладиган одам. Шу сабабли тонг отиши биланоқ хотини ва ўғлини олиб шаҳардаги руҳий касалликлар шифохонасига йўл олди. 
Садир бутун оқшом Дилдоранинг ўйи билан бўлиб, бошқа нарсани унутиб қўйганди. Ҳозир ҳам йўлда кетаяпти-ю бутун фикри-зикри унда. У севгилисини унчалик чиройли хисобламасди. Лекин унинг учун ёруғ дунёда Дилдорадан-да чиройлироқ, гўзалроқ қиз йўқ эди. У маъшуқасига етишиш учун даволаниши кераклигини яхши тушунарди. Шу боис ота-онаси билан касалхонага боришга рози бўлди. Йўқса ўзини озгина идора қила оладиган одам бу ерга келармиди?
— Отаси, етти ўлчаб бир кес дейишган. Садирни бу ерга олиб келиб тўғри қиляпмизмикан? — деди Бибигул опа қабулхонада навбатда туришаркан. 
— Биласанми хотин, — гап бошлади Нормат ака. — Шундай пайтлар бўларканки, бўри ўз ини атрофида ов қилмас экан. Қизиқ а?! У ваҳший йиртқич бўлишига қарамай, болалаганда иложи борича уйидан узоқроқдан емиш қидираркан. Сабаби бошқа бир йиртқич ҳайвонлар гўдакларимга зарар етказмасин деркан. Тушуняпсанми? 
Эри Бибигул опага қаради. Унинг кўзларида қандайдир мунг бор эди. Нормат ака кўксида портлаб, бўғзига тиқилиб, кейин ўзини кўзлар орқали ташқарига ураётган қора шабнам томчиларини хотинига кўрсатмасликка тиришиб, тескари ўгирилиб олди. Бибигул опа барибир буни сезди. Эри бўлса кўрсаткич бармоғи билан юзидан сирғалиб тушаётган ёшларни оҳиста артди. 
— Бунинг ҳаммасини ўғлимизни ўйлаб қиляпман. Бу аҳволини биров билмасин дейман. Эр киши. Анави фолбинга олиб борсанг, бир қишлоқ наридан туриб бутун атроф четга гап тарқалади-ку. Фалончининг боласи жинниякан деса қандай чидаймиз, — деди Нормат ака. 
Кейин Садирга қараб: 
— Мени кечир ўғлим, — деди зўрға тили айланиб отаси. 
Навбат келганда Нормат ака ўғлини етаклаб дўхтирнинг олдига кириб кетди. Ичкарида беш чоғли врач келганларни кўрикдан ўтказарди. Роса бир соатга яқин текширувлар бўлгандан кейин шифокор Садирни ташқарига чиқариб, ота-онасини олиб қолди: 
— Ўн йиллик ўсма, қирқ йиллик хина бўлсаларингизам соғ билан касални фарқлай олмай сизларми? — койиди врач уларни. — тавба, — дея қўшиб қўйди. 
Бу гапдан эр-хотин ҳанг-у манг бўлиб қолди. 
— Олиб кетаверинглар! — деди оқ либосли киши пиёладан чой ҳўпларкан. 
— Қаерга? — шошганидан ҳаяжонини босолмай сўради Бибигул опа. 
— Қаерга бўларди, уйга-да, — қўрслик билан жавоб берди врач. — Ўғлингиз соппа-соғ, —ҳукм чиқарди у. — Ким йўлланма берган бўлсаям адашибди. Хато қилган, хато. 
Улар бутун йўл бўйи бир-бирларига оғиз очишмади. Фақат Жинниқиздан ўтишда Садирнинг касали қайталаб қолди. Машинада ғужанак бўлиб олиб, қора мушук ҳақида гапириб ота-онасини роса хуноб қилди. 
Кечқурун аммаси келди. Оила дастурхон атрофида йиғилди, Бибигул опа қайнсинглисига касалхона воқеасини айтиб берди. Зеби аввал янгасига, сўнг акасига бир муддат тикилиб, ҳафсаласизгина деди: 
Икки тентак бир калтак бўлибсизларда. 
Нормат ака хотинига "шу гапни бекор айтдинг-да” дегандек итхўмрайиш қилиб қаради. Сўнг синглиси чой қуйиб узатган пиёлани оларкан хотинига қараб: 
Ола товуқ дон сочар, ўз айбини ўзи очар, — деди вишиллаб. 
Бибигул опанинг фикр-у хаёли фолбин айтган муддатнинг бир куни ўтганлигида эди. Шунинг учун эрининг гапига эътибор бермади. 
Эртаси куни тушлик пайти қора мушукнинг ташрифини, Садирнинг касали хуруж қилганини айтмаса, тинчгина ўтди. Бибигул опа ўз ёғига ўзи қоврилиб, ич-этини ерди. Икки кунни дақиқа санаб ўтказди. Аммо фолбин ҳақида эрига оғиз жуфтлашга журъати етмади. Хаёлида яна бир марта эслатиб қўймоқчи бўлди-ю, барибир эрининг унамаслигини билибми ёки юраги дов бермадими ҳар тугул индамади. 
Оқшом яримлаган. Бу тун фолбин айтган муҳлатнинг охиргиси эди. Садир шифтга термилганча Дилдора билан тўйларини хаёлида жонлантирарди. Бирдан эшик ёнида эски қадрдони пайдо бўлди. Кўзлари чўғдек қип-қизил, ранги тим қора, қулоқлари тикка, юнги ҳурпайган. Бу сафар у аввалгидек узоқдан кўриниб кетмади. Бу гал қора мушук Садир ётган хонанинг бўсағасигача келди, пойгакка ўтирди. Йигит ҳам бақир-чақир қилмади. Бир-бирларини сас-садосиз кузатишди. Нигоҳлари тўқнашган маҳал Садир кийина бошлади. Орадан хиёл ўтмай йигит тилсиз мавжудотга эргашиб дарвозадан чиқди. Икки ҳамроҳ туннинг қуюқ зулматида Жинниқизга элтувчи йўл бўйлаб илгариларди. Салдан кейин эса икки шарпа қоронғулик қарига сингиб, кўздан ғойиб бўлди. 
6
Садир манзилни яхши биларди. Билса-да қабристонга келганида юраги шув этиб товонигача тушиб кетди. Бир фурсат мозорга кираверишдаги панжара қаршисида тўхтаб қолди. Вужудини ваҳима қамради. Мушук ҳам йигитнинг ёнида сал тек турди-ю, кейин "кетдик” дегандай миёвлади. Улар дўмпайган қабрлар оралаб мозорнинг орқа томонига юрди. Садир оқшом бўлишига қарамай бу ерни синчиклаб кўздан кечирарди, борган сари кўз олди қоронғилашиб борарди. Унинг танаси қўрқувдан дағ-дағ титрарди. Худди шу ҳолат гўё бутун қабристонда ҳам ҳукмронлик қиларди. Нотаниш меҳмоннинг ташрифи мозордаги жамики мавжудотни ўзига жалб этганди. Аҳён-аҳёнда бойўғлилар "у-у”лаб, потирлатиб қанот қоқишарди. Гоҳ қовжираган майсаларнинг шитирлаши одамни эс-хушини оларди. Лекин бу жойда қўрқув ҳиссини туяётган ягона жонли ва онгли мавжудот бу — Садир эди. У азои баданининг титраётганига қарамай, ўзини дадил ва бардам тутишга уринарди. Аввалига ичида пичирлаб калима қайтарди. Сўнг овозини пича баландлатди. Кейин баралла бақириб дуолар ўқиди. Шу билан ўзини чалғитиб, тетиклашгандай бўлди. Атрофга аланлади. Дарвоқе, унинг шериги қайерга кетди. Йигит ҳар томонга кўз ташлаб, мушукни топди. Жовинорнинг нигоҳлари биргина нуқтага тикилган, бу нуқта дўмпайиб турган қабрнинг тешиги эди. Негадир гўристоннинг бу томонида қабрлар кам эди. Фақат мушук ёнида турган қабргина одамнинг эътиборини жалб этарди. Катта ва ўрталикда эди у. Мушук қабрга янаям яқинроқ борди. Садирга алланимадир ишора қилди. 
— Нима деяпсан? — деди Садир гарчи қичишмаса-да бошининг орқасини қашиб. 
Мушук орқа қисми билан қабрдаги ҳалиги ковакка суқилди, аввал бошини сарак-сарак қилиб, кейин йигитга "Сен ҳам кел” дегандай маъноли қимирлатди. 
— Киришимни истаяпсанми? — сўради йигит мушукка яқинлашиб. 
Жонивор бош ирғади. 
— Бекорларни айтибсан! — добдираб орқага хезланди йигит. — Бу ерга кириб, ўзимга ўлимни тилаб олайми. Аҳмоғинг йўқ. 
Қора мушук ковак оғзида на ичкарига кирмас, на ташқарига чиқмасдан уни чақирарди. Йигит ўзини бошлаб келган жониворга тикилиб турди. Сўнг ноилож одамдай осмонга қараб уҳ тортди. Шу пайт ёнидан аллақандай шарпа лип этиб ўтгандай бўлди. Бироқ Садир буни ярим чала сезиб, англолмай қолди. Ковакка қаради. Энди қора мушукнинг ёнида яна учта жониворлар пайдо бўлди. 
— Болаларингми? — сўради йигит юзида зўр бериб жилмайишга тиришаркан мушукдан. Аммо у ҳеч нарса демади. Ковакка кириб кетаркан баланд товушда, чўзиб миёвлади-ю ғойиб бўлди. 
Садир жамики тирик инсонлар қатори ёлғиз ўзи, ярим оқшомда қабристоннинг ўртасида, даҳшат-у ваҳималар қуршовида ўзини ўнғайсиз сезарди. У бир жойда қилт этмасдан туриб мушукни кутди. Ундан дарак бўлавермади. Ниҳоят йигит ўзида куч топиб бир қарорга келди. Сўнг овоз чиқариб боягина ўқиган узундан-узун дуоларини такрорлади. Секингина одимлаб коваги бор қабрга яқинлашди. Назарида тешик жудаям майда кўринди. "Оёғим ҳам сиғмайди-ку” хаёлидан ўтказди у. Тешикдан эса аллақандай инграётган, илтижо қилаётганга ўхшаш овозлар қулоғига чалинди. У бундай даҳшатга қизиқа бошлади. Аммо боягина йўқолган қўрқув яна уни эгаллаб олди. Алҳол, қўрқувдан қизиқиши устун келди. Ўнг оёғини тешикка яқинлаштирди, мўъжиза юз бериб ковак каттара бошлади. Ва у сирпаниб, зим-зиё чуқурликка шўнғиб бораркан, марҳум бобосининг доим айтадиган гапини эслади: "Қирқ йил қирғин келса ҳам ажали етган ўлади”. Сўнг ўзича пичирлади: 
— Худонинг ўзи қўлласин. 
Хаёлида у анча чуқурликка тушиб кетганди. Атроф қоп-қоронғи. На бирон йўл бор на бирон товуш. Турган жойи худди квадратдек туюлди унга. Олдинга икки қадам ташлади. Оёқ остидан ғалати ғарч-ғурч товуш келди. 
— Ер ости дунёсида қор бўлмасди-ку, — деди ўзича, худди авал ер ости оламиникўргандек. 
Бир жойда қимир этмай турди. Оёқларидан нималардир ўрмалаб баданига чиқаётгандай бўлди. Шу маҳалда миясига яна бир ўй келди. Дилидагини тилига кўчириб, мушоҳада қила бошлади: 
— Анави мушукни кўрганимда мазам қочиб қолаётганди. Лекин унга қўшилиб мозорга келдим. Бу ергача тушдим. Даҳшатлар исканжасидаман. Одамнинг энг ботирлари ҳам аллақачон тил тортмай ўлган бўларди. Мен ҳалиям тирикман. На эсим оғди, на бошқа нарса бўлди. Ўзинг қўлла Аллоҳим. 
Хаёлга берилиб белигача ўрмалаб келган ҳашаротларни унутиб қўйган йигит бор кучи билан ўзини ҳимоя қила бошлади. Маҳлуқларни пастга урди. Қайси томонга югиришини билмай у ёқдан бу ёққа бетоқат юра бошлади. Боз устига нафаси қисар, ҳолсизланиб борарди. 
— Ер остида ҳаво йўқ, — деди у шивирлаб. — Ўзимни ўлимга маҳкум қилдим. 
Энди яшашдан умидини узганди, қаршисида қайта ҳаёт учқунлади. 
Нур кўринди. Ёруғлик. Рўпарасида узун йўлак бор экан. Қачондан бери билмабди. Йўлакдан кимдир келаяпти. Афтидан аёл киши. У яқинлашган сари атрофи ёришиб боряти. Тупроқли деворлар, ўтли йўлаклар лаҳаднинг ўзгинаси эди. Айниқса оёғи остидаги минглаб ҳашаротлар, илон-у ўргумчак, чаён-у қирқ оёқлар... 
Садирнинг ҳуши бошидан учиб кетди. Аллазамонлардан бери шуларнинг устида ҳамон тирик турганига ишонгиси келмади. Ҳар қанча ҳолдан тойганига қарамай, бор кучини тўплаб, ёруғ таратиб келаётган шарпа томонга ўзини уриб, жон жаҳди билан югирди. Югирди-ю уч одим ҳам ташламай ҳушидан кетиб, шилқ этиб йиқилди. 
Йигит кўзини очди. Жудаям эски, ғарибона кулба. Деворлари тупроқ, фақат бир томонига кашта урилган, оёқ остида эни чамаси уч метрча келадиган эски шолча, девор ўйиб токча қилинган, токчада шамчироқ липиллаб ёниб турибди. 
У ҳамма томонга қаради. Бурчакда унга терс бўлиб бир қиз ўтирибди. Йигит уни орқасидан бўлса-да таниди. Таниди-ю ҳеч нарса деёлмади. Тили орқа тортиб кетди. Кўзлари косасидан чиққудек олайди. Киприкларини юмди. Кўргани ёлғон, сароб бўлишига умид қилиб қайта очди. Йўқ. Бари ҳақиқат эди. Ҳақиқатдан асло кўз юмиб бўлмайди. Ва ниҳоят қиз ҳам ортига ўгирилиб, йигит ёнига келди. Садир овози титраб, кўкрагини базўр ердан кўтариб шивирлади: 
— Д-дилдора! 
7
Нормат ака билан Бибигул опанинг бўлари бўлди. Қарийб ўн кундан бери фарзандларидан дарак йўқ. Қўни-қўшниларга Садирни пойтахтда даволанаяпти, деди-ю орқа-варотдан пинҳона қидирмаган, суриштирмаган жойлари қолмади. Аммо Садир ер-у кўкда йўқ эди. Худди ҳавога сингиб кетгандек. Улар кунларни санаб, боласидан бирор хабар бўлиши кутиб, эртадан кечгача эшик пойлашади. Бу орада Нормат ака хотини билан неча марта жанжаллашиб олди. Гўёки Садирни Бибигул опа фолбинга топшириб, энди эридан ҳайиқиб бор гапни айтмаётганмиш. 
Одатий кунларнинг бирида дарвоза оҳиста тақиллади. Сўрида мук тушганча эшикка термилиб ўтирган эр-хотин жойларида ирғиб тушишди. Нормат ака ўрнидан қўзғолиб дарвозани очди. 
— Бибигул шу ерда турадими? — сўради жулдир кийинган лўлисифат хотин хонадон соҳибидан. 
Ҳа, — деди Нормат ака ҳайрон бўлиб. 
Уйдами? — яна савол берди хотин. 
— Уйда, келинг, — эшикдан четлашиб хотинни киришга ундаб йўл берди у. 
Аёл индамай ичкарига кирди. Уни кўриши билан Бибигул опа ўрнидан сапчиб турди. Саломлашиб, сўрига тизилишди. Нормат ака нотаниш меҳмоннинг ташрифининг боисини билишга ошиқарди. Зора ўғлимдан бирор хабар келтирган бўлса, дерди ичида. Бибигул опа эрининг ўйларини парчалаб, аёлни таништирди. Маълум бўлишича нотаниш меҳмон — фолбин эди. 
— Мен, бекорга келганим йўқ, — деди фолбин гапни муддаодан бошлаб. — Ўғлингиз ҳафтадан бери йўқ а? 
Унинг саволи эр-у хотинни ток ургандек сескантириб юборди. Иккови ҳам кўзлари косасидан чиққудек бўлиб фолбиннинг оғзига тикилишди. Айниқса Нормат ака хотинига еб қўйгудек тикилди. 
— У меникида, — гапида давом этди аёл. — Даволаяпман. Жин-ажиналар, руҳлар уни шу аҳволга солган. 
— Унга нима қилдинг? — зўрға ўзини босишга уриниб сўради Нормат ака. 
— Ҳеч нарса, ўғлингизни қабристон этагидан топдим. Руҳлар мени ўша ёққа бошлади. Бунга анча бўлди. Ҳозир анча яхши. Чечам айтгандим ўттиз уч кун даволаниши керак деб. Кейин қолган амаллар қилинса, худо хоҳласа отдек бўлиб кетади. 
Фолбин гапини тугатди. Нормат аканинг қолган саволларига жавоб бермади. Бибигул опа ўғлининг тириклигини, соғлигини билиб кўнгли хотиржам тортди. 
— Хизмат ҳақидан хавотир олманг, ўғлим тузалса бўлди. Қанча десангиз рози қиламан, — деди Нормат ака фолбинни хурсанд қилиш мақсадида. 
— Худони рози қилинг ака, мени эмас, — деди фолбин вазмин тортиб. Сўнг: — Бурунги замонда бир бой одам ўлими олдидан васият қилиб: "Ўлганимдан кейин гўримни тилла билан кўминглар” дебди. Халқ айтганини қилибди. Майитни лаҳадга қўйиб устидан тилла тангаларни ташлабди. Бироқ лаҳад тўлмасмиш. Оламон ҳайрон қолибди. Ахир, бунча тиллага ўнта қабр ҳам кўмилиши керак экан. Шунда кекса отахонлардан бири: жасаднинг кўзига тупроқ ташланглар. Унинг кўзи очга ўхшайди, зора кўзи тўйса дебди. Одамлар унинг айтганини қилиб, аввал майитнинг кўзига тупроқ ташлашибди. Сўнгра қабрга уч сиқим тилла ташлаган экан қабр тўлибди. Қиссадан ҳисса шуки, кўзи оч одам ҳеч қачон тўймайди. Ўлганида ҳам, тиригида ҳам. Менинг кўзим тўқ. Шунинг учун Аллоҳ берган умрга, ризқ-у насибага қаноат қиламан. Сиз эгамни рози қилинг, зора болангиз шифо топса. 
Фолбин ўрнидан қўзғолиб, бўсағадан чиқар пайти Бибигул опага тайинлади: 
— Роппа-роса ўттиз тўртинчи куни ўғлингиз уйга қайтади. Унгача мениям, униям безовта қилманглар! 

www.SherlarUz.CoM - Saytdan olindi.
Нравится

Категория: Hikoyalar to'plami | Просмотров: 911 | Добавил: Sherlaruz.CoM | Теги: севги, sevgi haqida, love history, севги хакида, Dramma, sevgi nima o'zi?, sevgi, sevgi hikoyalari, love, севги хикоялари | Рейтинг: 0.0/0

Tavsiya qilamiz bularni ham o'qib ko'ring:

>>> Гули АСАЛХЎЖАЕВА: «Бир ёниб-ўчадиган машҳурликдан, ўртамиёналик афзал…»
>>> ЗАМЗАМА: «Ёшим улғайгани сари оналик ҳиссини чуқурроқ англаяпман…»
>>> «Ишқ жодуси»даги Дан Гао ҳақида 10 факт
>>> Куёв бўлиш арафасидаги Отабек МУТАЛХЎЖАЕВ: «Аёлларга ортиқча эрк берилишига қаршиман!”
>>> ЯНГИ МЕГАХИТНИ ҚАРШИ ОЛИШГА ТАЙЁРМИСИЗ?
>>> Отабек Муталхўжаев Орол денгизи соҳилида муҳрланди
>>> Эстрада вакиллари Райҳонни оналик бахти билан табриклашди (ВИДЕО)
>>> Sharof Muqimovdan «Tungi mehmon»ni qarshi oling!
>>> Ғайрат Усмонов «Барселона»га атаб қўшиқ куйлади
>>> Ризаева Ғойиповга турмушга чиқмоқда! Яна бир ижодий оила!


Всего комментариев: 0
avatar
Форма входа
Логин:
Пароль:
Поиск
SUPPER YANGILIK:

Календарь
«  Июнь 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30
Друзья сайта


SMS SHERLAR, AFORIZMLAR, O'ZBEKCHA STATUSLAR, STATUSLAR, YANGI SHERLAR, SEVGI HAQIDA SMS SHERLAR, SEVGI SHERLARI, TABRIKLAR, YANGI YIL TABRIKLARI, YANGI YIL BILAN, 8 MART TABRIKLARI, HAYIT BAYRAMI TABRIKLARI, TURLI HILDAGI SMS SHERLAR, SMS SHERLAR MAKONI, YANGI SMS SHERLAR, SMS YUBORISH, BEPUL SMS YUBORISH, BEPUL SMS SHERLAR, СМС Поздравления с 8 Марта / 8 MART TABRIK SHERLAR, СМС валентинки СМС в день Святого Валентина, 14 февраля, СМС валентинки 14 Fevral sevishganlar kuni Tabrik Sherlari SMS HAYIT BAYRAMI SHERLAR / СМС ХАЙИТ БАЙРАМИГА ШЕРЛАР 1 aprel sms hazillar SMS Chiroyli sevgi so`zlari.. MAKTAB SMS SHERLAR / МАКТАБ ХАКИДА ШЕРЛАР SMS PRIKOL (xazil) / СМС ПРИКОЛ SMS DO`STLIK / СМС ДУСТЛИК SMS FOTO / СМС ФОТО SMS GRAFIKALAR / СМС ГРАФИКА SMS IBRATLI SHERLAR / СМС ИБРАТЛИ ШЕРЛАР SMS KINO MIX / СМС КИНО МИХ SMS YANGI YIL / СМС ЯНГИ ЙИЛ ТАБРИК SMS XIKMATLI / СМС ХИКМАТЛИ SMS TOPISHMOQ / СМС ТОПИШМОК SMS TABRIK / СМС ТАБРИК SMS SPORT / СМС СПОРТ SMS ANIMATSIYA / СМС АНИМАЦИЯ SMS SEVGI / СМС СЕВГИ SMS REKLAMA / СМС РЕКЛАМА SMS MANTIQIY / СМС МАНТИКИЙ SMS LATIFA / СМС ЛАТИФА Стихи о любви Смс признания СМС Поздравления с 8 Марта СМС на день рождения Смс другу С 1 апрельские приколы СМС доброе утро Смс cтихи Прикольные смс SMS VATAN SMS Новый год Смс реклама СМС спокойной ночи Студенческие смс SMS English SMS TURK Qo'shiq uchun sherlar Farab ijodidan Yigitlar haqida eng zo'r statuslar Qizlar haqida statuslar Muhammad Yusuf sherlari Alisher Navoiy g'azallari Sms dostlik Vatanim manim SMS sevgi SMS hazillar SMS tabriklar SMS tilak SMS maslahatlar SMS maqtovlar SMS grafika SMS Dahshatlari SMS Ism Hazil topishmoqlar Hikmatli so'zlar Hayotiy SMS'lar Operator SMS'lari Sms sport xazillari Sms ota-ona SMS Aqlli gaplar Hijron sherlari Maktab sms sherlar Sog'inch she'rlari SMS Epigraflar SMS Talaba Mobile SMS'lar Sms juma ayyomi tabriklari SMS aforizmlar SMS Prikol Maqollar SMS Sherli Fotolari Love Foto SMS Chiroyli sevgi so`zlari.. Sevgi Hikoyalari SMS Ishq Ertagi SMS Anekdot Latifalar SMS MP3 LAR Sardor Rahinxon Sms Mp3 Ahad Qayum sherlar Sms Mp3 SMS Qo'shiq Matni prikol Janob-prikol Sherlari SMS BAYRAMLAR SMS tug'ulgan kun tabriklari To'y Sherlari 1-Sentabr Mustaqillik bayrami Tabrik Sherlari 21-Mart Navro'z bayrami Tabrik Sherlari 14-Fevral sevishganlar kuni Tabrik Sherlari 14-Yanvar Vatan himoyachilari kuni Tabrik Sherlari SMS Yangi yil bayrami SMS 1-Aprel hazillari SMS 8-Mart Xotin-qizlar bayrami SMS Ramazon kuni SMS Qurbon hayiti kuni SMS Ustozlar bayrami 1-Iyun bolalar kuni 25-May So'nggi Qo'ng'iroq 21-Oktyabr Til Bayrami Haqida Sherlar SMS O'zbekcha Status SMS Sevgi Status SMS Prikol Status SMS Do'stlik Status SMS Bayramlar Status SMS Mail Agent Status SMS Odnoklassniki Status SMS Fcebook Status SMS Vkontakt Status SMS ICQ Status SMS Twitter Status Исмлар маъноси Открытки на заказ Azerbaycan statuslari sozleri Sevgi Mesajları Ayrılıq Mesajları Nifrət Mesajları Həsrət Mesajları 1 Января - Новый год 7 Января - Рождество 14 Января - старый Новый год 25 Января - Татьянин день 14 Февраля - день Святого Валентина 23 Февраля Масленица 8 Марта 1 Апреля - День смеха Христово Воскресение - Пасха 1 Мая 9 Мая - День Победы 12 Июня - День России Выпускной вечер 1 Сентября - День знаний 5 Октября - День учителя Владельцу фирмы Военным, призывникам Восточный гороскоп Коллеге К подарку Любимой, жене, подруге Любимому, мужу На свадебный юбилей Начальнику На юбилей по годам Новорожденному Первокласснику По знакам Зодиака Пожелания По именам - женщинам По именам - мужчинам Профессиональные Ребенку Студенту С днем рождения С новосельем С разводом, 2-м браком С юбилеем Уходящим на пенсию Учителю Цветочный гороскоп Прикольные смс поздравления Статусы Для одноклассников Статусы Вконтакте Статусы для агента Статусы icq Супер статусы Прикольные статусы Анекдоты Статусы про любовь Короткие статусы Романтические Статусы про парней Статусы Для О девушках Грустные статусы Новые статусы Фото статус Статусы для аськи Веселые статусы Статус смешно Статусы стервы Статусы про жизнь Классные статусы Самые лучшие статусы О дружбе Весенние Кризис Статус года Злые статусы Пожелание с добрым утром Пожелание спокойной ночи На английском Статусы в асе Кавказские статусы Клевые статусы Sherlar.uz Тожикча шерхо Tezkor.Net da Kun Iqtiboslari