 Бугунги суҳбатдошимизнинг ижоддаги "илдиз”и улуғ аждодларнинг дунё тамаддунида ўрин топган асарларидан "сув ичиб”, қадди ҳаётнинг довул ва изғиринларига дош беролган асл ижод "поя”си билан мустаҳкамланган ҳофизга бориб тақалади. Шу сабаб хонанда Зоҳиршоҳ ЖЎРАЕВ ижод йўлидаги масъулият, мақсадни аниқ белгилаб олган. Бунга суҳбатни ўқиб ўзингиз амин бўлишингиз мумкин...
— Ижодий танаффус саҳнага чиқишга бўлган соғинчингизни ошириб, нафақат сизнинг сабрингизни, балки мухлисларингиз садоқатини ҳам синади. Бу синовдан ҳар икки тараф муносиб ўта олдими?
— Албатта! Мухлисларнинг бугун менга, эртага бошқасига қарсак чалиши табиий ҳолат, бундан хафа бўлмаслик керак. Лекин мухлисларим жудаям садоқатли экан. Ижодий танаффусим мобайнида эътиборларини аямай, мени ёлғизлатиб қўйишмади. Шундай мухлисларим борлиги учун санъатга қайтдим, йўқса, аксинча бўларди. Санъаткорнинг жойи – саҳна, ҳеч нарса билан саҳнанинг ўрнини босиб бўлмайди. Саҳнанинг соғинчи ҳар сония қийнарди, бу ҳолатни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ички овоз "энди саҳнага қайтолмасанг керак”, деган вақтлар ҳам бўлди.
— Демак, санъатни тарк этиш ҳақида ҳам деярли бир қарорга келиб қолгандингиз, шундайми?
— Яна ярим йил кутганимда, санъатга қайтиб қадам босмасдим, сабрим етмасди.
— Шу қадар сабрсизмисиз?
— Йўқ, лекин олти йил оз муддат эмас-да.
— Сиздан ҳам кўпроқ ижодий танаффус қилганлар бор-ку?
— Ҳақсиз. Бироқ улар ундан аввал йигирма, ўттиз йил саҳнада бўлган. Менинг ижод бошлаганимга эса энди беш йил тўлганди. Ўсиб келаётган ниҳолни синдириб қўйиш осон-да. 2006 йил "Юрагимдасан” қўшиғи билан ижодга қадам қўйгандим. 2010 йил илк "Нетай?” номли альбомимни чиқардим. Бу ишларни уйдагиларнинг кўмагисиз қилганман. Сўнг олти йиллик ижодий танаффус бўлди. Вақтни йўқотмаслик учун тўрт йил водийнинг "қўшиқчилик мактаби” дарсини олдим. Боиси водийнинг бу "мактаб”ида ўқиб, халқни рози қилолган хонандагина ҳақиқий санъаткор бўла олади. Отам босиб ўтган йўллардан мен ҳам ўтишга интилдим.
— Бундай синовлар дўппини ерга қўйиб, қилинган хатолар хусусида хулоса чиқариш учун қулай фурсатни тақдим этади.
— Тўғри, бу фурсат оила биринчи ўринда эканини англатди. Тан оламан, авваллари оиламга у қадар эътиборли эмасдим. Ошна-оғайнилар орттириб, ўткинчи нарсаларга ўралашиб қолган эканман. Бирор марта ҳам ўша "дўстлар”им бир соатда йўқ бўлиб қолиши ҳақида ўйлаб кўрмабман.
— Вақт синовидан ўтган дўстларингиз етарлича эканми?
— Ишонасизми, "дўстман”, деб юрганларнинг бирортаси ёнимда қолмади. Бу ҳам менга яхшигина сабоқ бўлди. Бу воқеалар йигирма йил кейинроқ юз берганида, менга қийин бўларди. "Дўстлар”им айни фурсатида синовдан ўтди. Яхши-ёмон кунингда оилангдагилардан бошқасига керак эмас экансан, шуни англадим. Шукр, оила-аъзоларим борлиги учун шунча вақт оёқда мустаҳкам туролдим.
— Жўраев фамилиясининг "юк”и оғирлиги сабаб ижодда камнамомисиз?
— Бу "юк” нафақат мен, балки фарзандларимизнинг ҳам умри охиригача бирга бўлади. Шу боис хато қилишдан албатта қўрқамиз. Бошқа хонанда хато қилса, "ҳали ёшда”, дейиш билан кифояланишади. Акам ё мен хатога йўл қўйсак, "отаси қарамабди-да!” дейишади. Ҳам ёш, ҳам катта аудиторияга хизмат қилиш учун тарози палласини тенг ушлашимиз керак. Имкон қадар бу ишни уддалашга ҳаракат қиляпман.
— Юқори чўққиларга чиқишдан кўра олтин ўрталик билан кифояланасиз, назаримда. Қозиқнинг ўртаси бўлишни афзал билишингиз, балки ўзингизни ҳаддан ортиқ яхши кўришингиздандир?
— Асло! Юқори чўққига чиқиш орзуим. Ижодда эмас, ҳаётда қозиқнинг ўртасида юраман. Пайғамбаримиз таъбири билан айтсам, ҳамма нарсанинг ўртаси афзал.
— Юқори чўққига интилсангиз, ҳаётдаги ва ижоддаги устозларингиз — отангиз ва акангизнинг соясидан чиқа олмаяпсиз-ку?
— Тўғри, олти йил мутлақо сояда эдим (кулади).
— Бу баҳона бўлолмайди, "санъаткорман”, дегани керак бўлса битта қўшиқ билан ҳам натижага эриша олади.
— Баҳона эмас, бу катта сабаб эди. Ижодга қайтганимдан кейин мухлисларга тақдим қилган "Яхши кўриб қолдим-да” қўшиғим аввалги рейтингимни қайтариб берди, шукр.
— Аслида биринчи рақамли санъаткорнинг фарзанди ҳам энг камида шу даражада бўлиши керак эмасми, йўқса, бу соҳада юришдан нима наф?
— Ҳақсиз, энг камида отам ва акамнинг даражасига чиқиш орзуим. Санъат қонимга сингган, шу боис у даражага чиқолмасам, қўшиқ айтмайман, дея олмайман. Боиси отам кўрган қийинчиликларга нафақат мен, балки ҳеч қайси санъаткор дош беролмайди, буни тан олиш керак. Очиқ айтаман, отамдаги ирода ҳам менда йўқ.
— Қай бир таъриф сизга маъқул: Шерали Жўраевнинг ўғли Зоҳиршоҳ Жўраев ё Зоҳиршоҳ Жўраевнинг отаси Шерали Жўраев?
— Шерали Жўраевнинг ўғли, деган таърифни эшитиш доим ёқимли бўлиб қолаверади. Лекин Зоҳиршоҳ Жўраевнинг отаси Шерали Жўраев, деган таърифни эшитиш орзуим.
— Фамилиянгизни суиистеъмол қилган вақтларингиз ҳам бўлганми, виждонан жавоб беринг!
— Қандайдир вазиятлардан шу фамилиям билан имтиёзли чиқиб кетган вақтларим бўлган. Бусиз илож йўқ (кулади).
— Нега сизга акангиз сингари талаб катта эмас?
— Ижод "қозон”ида йўқ эдим, балки сабаб шундадир. "Яхши кўриб қолдим-да” қўшиғимдан кейин менга ҳам талаб ошяпти.
— Мусахон Нурматовнинг ўғлига атаган "Яхши кўриб қолдим-да” қўшиғи сизга насиб қилди ва бу сизга омад олиб келди, виждон қийналмаяптими?
— Қийналмаяпти, чунки бу қўшиқни устозим Мусахон Нурматовнинг ўғли Юсуфнинг розилиги билан куйладим. Қўшиқнинг икки қаторини эшитганимдаёқ, юрагим "жиз” этганди. Устозим Мусахон акадан бу қўшиқни олишим осон бўлмаган, кўндиришга икки ой вақтим кетди. Илк ҳамкорлигимиз бўлгани учун балки менга ишонмагандир. Иккита қўшиқ ёзганимиздан сўнг ишончи ортиб, ўз хоҳиши билан "Яхши кўриб қолдим-да” қўшиғини менга берди.
— Ҳамма айнан "да, да, да, да, да” нақаротига эътибор беряпти, бу ҳам атай ўйланган "тактика”миди?
— Бу устозим Мусахон Нурматовнинг топқирлиги. Устозимни ўз замонасининг энг зўр бастакори, деб биламан. Аввалига "томошабин қандай қабул қилар экан? Мени "қолип”им эмас-ку”, деган хаёллар тинчлик бермаган. Нақарот қўшиққа сингганидан сўнг менинг образимга тушди. Айтганингиздек, "тактика” эди, умидимиз ўзини оқлади.
— Шу нақарот бўлмаганида қўшиқ оммалашармиди?
— Тан оламан, йўқ. Боиси қўшиқ шу нақаротга қурилган. Албатта, бу менинг фикрим, балки устозим бундай ўйламас.
— Янги қўшиқ чиққандан бошлаб, эскиришга қадам босади. Сиз бу жиҳатни инобатга олиб, ижод қилмайсиз чоғи?
— Тўғри тахмин қилибсиз. Тақдим қилган қўшиғимни "умр”идан келиб чиқиб, кейингисини тақдим этаман. Ҳамкасбларимнинг хатоси шундаки, оммалашган қўшиғи мухлисларга ҳавола этилганига ҳеч қанча вақт бўлмай, галдагисини ҳам "хит” бўлишидан умид қилишади. Натижада, биринчи қўшиқнинг "умр”ини ўз қўли билан хазон қилади.
— Истеъдод, овоз, муҳими, мустаҳкам пойдеворга эгасиз. Жонли ижрода концерт дастури тақдим этишингизга нима халал беряпти, отангизнинг январь ойидаги концерт дастурими?
— Битта янги қўшиқ билан одамларни алдаб, концерт бергим келмаяпти. Мухлислар талаб қилганда ва ўзим тайёр бўлганимда, янги репертуар билан жонли ижродаги концерт дастуримни ҳавола қилмоқчиман.
— Халққа тақдим этмаган бўлсангиз-да, акангиз билан дуэтингиз бор. Отангиз билан дуэт куйлашга-чи, журъат қилоласизми?
— Отам билан дуэт куйлаш орзуим, бу ҳақда ўйлаб юрибман. Отам, акам ва менинг ижроимда қўшиқ бўлади, насиб этса...
— Хонанда сифатидаги ўзингизга эп кўрмайдиган ишлар?
— Мусиқа санъати тубсиз денгиз, қанчалик чуқур тушсангиз, кашфиётларингиз кўпаяверади. Эп кўрмайдиганим, бачканалик. Эртага фарзандларим "Ота, бачкана қўшиқлар куйлаганмисиз?” дея отасининг ишидан уялиб қолишидан қўрқаман.
— Ҳамкасбларингизнинг сизга манзур келмаган жиҳатлари ҳақида ҳам очиқ фикр билдира оласизми ё "Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш тутасизми?
— Нотўғри йўлдан кетаётган бўлса, албатта ўзига айтган вақтларим бўлган. Ҳамма хонандалар битта "қозон”да қайнаймиз. Бирортаси хато қилса, ҳаммага баробар тамға босилади.
— Шерали Жўраевнинг "мактаб”и йўлида куйлайдиганларнинг ижоддаги ўхшаш ва устун жиҳатлари нимада?
— Шерали Жўраев ва кейин ижодга қадам қўйган барча хонандаларни тарозининг палласига қўйсак, отам турган палласи тош босади. Шерали Жўраев — катта чинор! Миллий эстрада йўналишида куйлайдиганларнинг ҳаммасининг "илдиз”и шу "чинор”га бориб тақалади. Ўзбек санъатининг дарғалари бунёд этган бу "чинор”нинг "илдиз”лари ўзбекнинг қон-қонига сингган ноталардан озуқа олади. Бу "мактаб”ни ноталарга қиёсласак, мусиқа борки, шу нотага тушмасликнинг иложи йўқ. Нокамтарликка йўйманг-у, акам ва ўзимнинг ижодий маҳоратимни муносиб баҳолайдиган бўлсам, ўн олти йил мусиқий таълим олганман, профессионал мақомчиман. Акам Турғун Алиматовнинг энг охирги шогирди, иккимиз ҳам исталган созни чала оламиз ва акам ҳам профессионал мақомчи.
— 16 йил мусиқий таълим олган Зоҳиршоҳ мусиқий билими йўқлар билан битта саҳнада туришни қандай ҳазм қилади?
— Мусиқий билимга эга профессионаллар ижод қилмай, тўйда юрибди. Борди-ю, улар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, масъулиятни ҳис қилишса, мусиқий билими йўқлар "нима қиляпман ўзи?” дея ҳеч бўлмаса, мусиқа мактабида ўқиб чиқади ва санъат бутунлай ўзгача тус олади.
— Профессионалларни фақат тўйларга чиқишга нима мажбур қиляпти?
— Дангасалик. "Клип ишлатиш, қўшиқ ёзиш каби ортиқча харажатнинг нима кераги бор?” дейишади. Мусиқий билими йўқлар эса дангаса эмас, ҳар куни студияда ишлайди, уларнинг ютуғи шунда.
— Зокировлар, Жўраевлар, Отажоновлар, Усмоновалар, Комиловлар... Қай бирларининг авлоди бу сулолаларга муносиб давомчи бўла олишяпти?
— Ҳар бирининг ўз ўрни бор. Фаррух акадан кейин хонандаликни давом эттирадиган Зокировлар сулоласи давомчилари бўлишини жудаям истаймиз. Балки набираларидан давомчилар чиқар. Отажоновларнинг давомчилари чиқишда давом этяпти, улар Хоразм "мактаби”нинг муносиб издошлари. Нилуфар эса онасига муносиб давомчи. Фаррух Комиловнинг санъатини четга суриб қўйсангиз, ўзи инсон сифатида ўрнак бўлишга арзигулик йигит. Жўраевларга келсак, жиянларим жуда кўп, ҳаммалари водийда. Жўраевларга тақлид қилиб қўшиқ куйлайдиганлар қўрқишсин, чунки давомчиларимизга ижодда бас кела олишса ҳам катта гап.
— Зоҳиршоҳ Жўраев ўзбек санъатининг ривожига қандай ҳисса қўша олди?
— Ҳали ҳеч қандай ҳисса қўша олмадим. Расул қори Мамадалиев, Фаттоҳхон Мамадалиев, Фахриддин Умаров, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Ботир ва Фаррух Зокировлар каби устозларимизгина ўзбек санъатига муносиб ҳисса қўша олган. Президентимиз Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда бежиз миллийликка эътибор қаратиш кераклигини таъкидламадилар. Орада шундай вақт бўлди, устозлар маълум вақт кўринмай қолди. Санъатдаги бўшлиқни эса "енгил-елпи”лар тўлдирди. Натижада шу даврда катта бўлган авлоднинг мусиқий дидини йўқотдик. Ёшлар миллий қўшиқларимизни тингламайдиган бўлиб қолишди. Ота-оналар эса фарзандларининг қўлига Абдулла Қаҳҳор, Пиримқул Қодиров сингари адибларнинг китобларини тутқазмади. Энди бўшлиқ даврида улғайган ёш авлоднинг мусиқий дидини ўзгартириш қийинроқ кечади. Лекин профессионаллар фақат маблағ топишни олий мақсад қилмай, бир ёқадан бош чиқарсак, натижа тез орада бўй кўрсатади. Биз ёш хонандалар устозларнинг йўлини давом эттира олсак ҳам катта гап. Миллий санъатимизни асраб қололсак ва келаси авлодга етказолсак, ана ўшанда ўзбек санъатига ҳисса қўшган бўламиз. www.SherlarUz.CoM - Saytdan olindi.
Do'stlaringizga yuboring:

|