Буюк рус шоираси Анна Ахматова мен беҳад севган шоиралардан биридир.Бундан қарайиб 35 йил аввал мен шоиранинг ўша пайтгача қатағон этилган шеърларидан айрим намуналарни ва «Марсия» («Реквием») достонини таржима қилган эдим ва улар «Саодат» журналида босилган эди.
Анна Ахматова ШЕЪРЛАР Хуршид Даврон таржималари
Машҳур рус шоираси Анна Ахматова (ҳақиқий исм-фамилияси Горенко Анна Андреевна) 1889 йил 11 июнда Одесса шаҳри яқинида туғилиб, 1966 йилнинг 5 мартида Москва вилояти Домодедово шашарчасида оламдан ўтган; Санкт-Петербургда дафн этилган. Шоира асосан Петербургда яшаган. Биринчи шеърлар китоби «Оқшом» 1910 йилда чиққан. «Тасбеҳ» (1914), «Оқ гала» (1917), «Баргизуб» (1921) ва бошқа шеърий китобларидаги шеърларида лирик кечинмалар, танҳолик туйғулари ифодаланган. Унинг ижодида 30-йиллар қатағони даҳшати ўзига хос тарзда ифодасини топган. 2-жаҳон уруши йилларида Тошкентда яшаб, «Тошкент шеърлари» (1944) туркумини яратган. «Қаҳрамонсиз поэма» (1940 — 62) асари Анна Ахматова ижодининг чўққиси ҳисобланади. «Вақтнинг тез ўтиши» (1965) китобида шоира ижодининг сўнгги палласининг ўзига хос томонлари акс этган. Шарқ, Ғарбий Оврупо шоирлари ижодидан таржималар қилган (Корея мумтоз шеърияти (1958); Шарқ мумтоз шеърияти (1969)). Шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган (1966, 1969).
ҚЎШИҚ
Қуёш кўкка чиқар дамда Муҳаббатни куйлайман, Мен чўккалаб томорқамда Шўраларни юлгайман.
Юлиб-юлиб четга отгум — Кечир ёмон бўлди-да, Кўрдим: йиғлар оёқяланг Қизча четан олдида.
Қўрқитади фарёд солган Бу жарангдор ғам саси. Димоғимда ўлаётган Шўраларнинг тунж иси.
Тош тутарлар, нон сўрасам, Тиладинг, деб сен ўзинг. Бошим узра фақат осмон, Дилда эса овозинг.
ҲИЖРОН
Йўлим оғир — қоп-қора кеча Зулумоти қуршаган уни. Кечагина мен ошиқларча Ялингандим: «Унутма мени».
Бугун эса фақат шамоллар Чўпонларнинг қичқириқ-доди, Оқ чашмалар узра тебранган Қарағайлар қатори қолди.
ҚЎЙКЎЗ ҚИРОЛ
Чорасиз дард, сенга-да иқбол! Ўлди кеча тун қўйкўз қирол.
Куз оқшоми дим ва ол эди. Эрим уйга қайтганда деди:
«Биласанми, юз берди овда, Ётган экан эман олдида.
Шўрлик қиролича! Ёш қолди, Бир кечада сочи оқарди».
Трубкасин сўнг олиб беун Чиқиб кетди ишламоқ учун.
Ҳозир қизим уйғотиб, куйиб Қўйкўзига боқарман тўйиб.
Саси келар чорбоғдан толнинг: «Бу дунёдан кетди қиролинг».
САЙР
Жиғам тегар извош шифтига, Боқдим унинг кўзига ҳуркак. Дард чекарди, аммо шифога Не тилашин билмасди юрак.
Шом тинч эди, булутли осмон Остида ғам қучганди уни Ва сиёҳ-ла кўҳна албомда Чизилгандек Булон ўрмони.
Бензин иси, настарин иси, Роҳат дилга эди бегона: Қўлларини қимирлатмасдан Тиззамга у тегинди яна.
* * *
На асрору на изтироб, ғам Ва на қисмат битган ихтиёр — Ўхшар эди сўнгсиз ва мубҳам Курашга бу висол, бу дийдор.
Мен тонгданоқ боқиб йўлингга, Ташрифингни пойлардим… Бироқ, Букилган бу икки қўлимга Санчиларди сезилмай титроқ.
Ва дармонсиз бармоқлар ила Эзғилардим дастурхон учин. Мен туйгандим ўша зиқ палла Тор эканин замин биз учун. 1914
* * *
Билмайман: сен тирикми, ўлган — Мен заминдан сени излайми? Ва ё ойдин ғам ила шомда Хазон бўлган дил, деб бўзлайми?
Бари сенга: дил нолалари Ва уйқусиз тунлар ёмғири; Шеърларимнинг оқ галалари, Кўзларимнинг мовий ёнғини.
Ҳатто мени азобга солган, Севиб, кейин унутган одам — Менга бунча азиз бўлмаган, Мени бунча соғинтирмаган. 1915
* * *
Оқшом нури ёйиқ ва заъфар, Савр салқини хуш ёқар танга. Сен кечикдинг, аммо бу лаҳза Шодмон қучоқ очаман сенга.
Кел, яқинроқ ёнимга ўтир, Термил қувноқ кўзларинг билан: Мана, бу кўк дафтар тўладир Болаликнинг сўзлари билан.
Кечир, дилни бердим ғамларга, Қуёшгаям боқдим мен дилхун. Кечир, кечир, жуда кўпларга Сен деб қучоқ очганим учун. 1915
* * *
Қудуқ тубидаги оқ тошдек бесас Кўксимда ётибди хотирам маним. Уни унутмайман, унутгим келмас, У менинг қувончим, у менинг ғамим.
Кимдаким яқинроқ келса-ю, кейин Кўзларимга боқса, кўради уни. Бу ғамгин қиссамни тинглаган сайин Ҳасратим қоплагай унинг кўксини.
Яратган дилларда қолсин дея ғам, Ўлдиролмай одам тафаккурини, Уларни буюмга айлантирган дам Менинг хотирамга айландинг сен ҳам. 1916
* * *
Юртини душманга ташлаб кетароқ Қочган кимсалар-ла бирга кетмасман. Улар олқишига тутмасман қулоқ, Уларга бермасман қўшиғимни ман.
Эй, қочоқ, мен сенга ачинаман, бас, Сен қулдай ноилож, бемордай абгор, Эй, дарбадар, борар йўлинг кўринмас, Ёт юртнинг нонида ёвшан иси бор.
Бунда-чи, ёнғинлар дудини ютиб, Ёшлик йилларини айлаб биз қурбон; Юракни шафқатсиз зарбага тутиб Яшадик, панага қочмадик, инон.
Биламиз: келажак баҳоси тайин, Оқланар ҳар лаҳза, оқланар дамлар Ва лекин дунёда йўқдир биздайин Мағрур, изтиробли, хоксор одамлар. 1922
* * *
Кўмир ила мен белги битдим Чап кўксимга — ўқ учун нишон. Учсин дедим қуш — дил ҳасратим Бўм-бўш кеча зулмати томон.
Жоним! Қўлинг қилт этмас ҳатто, Кўксим дарддан бир абад бўшар. Учар қушим — дилдаги видо, Шохга қўниб, нағмалар бошлар,
Токи қалби сокин ул инсон Қушни тинглаб очсин кўксини: «Саси таниш, сўзлари пинҳон» — Деб яширсин ёшли кўзини.
* * *
Жимиб қолди тўсатдан уй ҳам, Сўнгги баргин қизғалдоқ сочди. Қотиб қолдим мудраб ва алам Шомларига мен қучоқ очдим.
Дарвозалар тамбаланган зич, Шом қорадир, еллар тинч, очиқ, Қайда қувонч, қайларда ўкинч, Қайлардасан, меҳрибон ошиқ?
Топилмади ул сирли узук, Неча кунлар кутдим, кетмадим. Дилбар ва ёш асира қиздек Қўшиқ ўлди кўксимда маним.
«ЁНДИРИЛГАН ДАФТАР» ТУРКУМИДАН
Ҳамма кетди, ҳеч ким қайтиб келмади, Фақат сен такрорлаб ишқий тилакни, Сўнгги муҳаббатим, ортга қайрилдинг, Кўрмоқ бўлиб қонга ботган фалакни.
Уйинг лаънатланган, матлаб топталган, Сўлғин наво янграр сен битган шеърдан. Бадбахт тақдирингнинг қаршисида ман Турибман кўзимни узолмай ердан.
Илоҳий сўз эмас, янграйди вола, Муқаддас, пок сўзлар аталди малъун — Ўттиз еттинчи йил фаррошлари-ла Қонли йўлкаларни ювмоғим учун.
Мени айирдилар ёлғиз ўғлимдан, Банди дўстларимга бердилар азоб. Огоҳ бўлдилар ҳар юрган йўлимдан, Ҳар битта сўзимни етказди каззоб.
Ҳар жойда номимни қаро битдилар, Соқов бўл, дедилар, кар бўл, дедилар. Оч қолсам бўҳтону иғво тутдилар, Чанқасам сувимни заҳар этдилар.
Ва йўлим сўнггига етишган палла, Дедилар: «Яшайвер, эй бахтиқаро!» Энди кезурман жим — шаҳарлик телба, Ўлим нафаси бор майдонлар аро. www.SHERLARUZ.CoM - Saytdan olindi!
Sizga yoqgan bo'lsa ovoz bering ↓
Do'stlaringizga yuboring:

|